Ўзбекистонда янги ҳафта бошида Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши ҳисобига об-ҳаво кўтарилиши кутилаётгани ҳақида хабар берилган эди. ССВ ва ФВВ иссиқ об-ҳаводан сақланиш юзасидан тавсиялар берди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг худудлардаги 13 та филиали ҳамда 173 та туман ва шаҳар бўлимларида зарур дори-дармонлар билан етарли миқдорда тўлиқ таъминланган.

Таъкидланишича, кузатилаётган бундай жазирама кунларда биринчи навбатда бошни қуёш нуридан асраш муҳим аҳамият касб этади. Чунки бош миядан катта артерия, вена қон томирлари ўтган бўлиб, куннинг иссиқ вақтида бош яланг юрганда бош қизиб, бутун танада иссиқ қон айланиб, инсонларни офтоб уришига олиб келиши мумкин.

Бунинг оқибатида тана ҳароратининг кўтарилиши, терининг қизариши, ҳолдан тойиш, нафас олиш ва пульс тезлашиши, юракнинг тез уриши, бош оғриши, бош айланиши, кўнгил айниши, қайт қилиш, ҳушдан кетиш ҳолатлари кузатилаши мумкин.

Офтоб урган одамни дарҳол соя жойга ётқизиб, уст-бошларни ечиб, муздек сувга чойшабни ҳўллаб бутун танасига ўралади, сочиқни муздек сувга ҳўллаб бошига қўйилади. Бўйин ва қўлтиқ соҳасига муз халтачалари қўйилса фойдадан ҳоли бўлмайди. Беморга оз-оздан суюқлик ичирилади ва зудлик билан тез ёрдам чақирилади.

Шунингдек, ҳавони яхши ўтказиб, қуёш нурини қайтарадиган, кенг тикилган ва танага ёпишиб турмайдиган кийимларни кийиш тавсия этилади.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг таъкидлашича, энг иссиқ вақт — 12:00 дан 16:00 гача кўчага чиқмаслик зарур.

Шунингдек, кўпроқ душ қабул қилиш керак. Қайд этилишича, мунтазам равишда тозаланиш баданга эффектив нафас олишга ёрдам беради. Сув хона хароратидай бўлиши керак. Совуқ сув билан ювиниш эса, тана харорати кескин ўзгариши натижасида пневмония касаллигига олиб келади.

Шунингдек, озиқланиш рационини ўзгартириш тавсия этилади. Иссиқ кунда кўпроқ совуқ таомлар истеъмол қилиш керак. Ёғлиқ сут ва гўшт махсулотлар истеъмол қилманг, аммо балиқ ва сабзавотлар махсулотларидан воз кечмаслик зарур. Сутли махсулотлар харид қилишда расталарда қуёш нури тушиб турган ҳамда истеъмолга яроқлик муддати ўтиб кетган махсулотларни сотиб олмаслик керак.