2 июль куни Олмалиқ шаҳридаги ОКМК спорт мажмуасида «Ёшлар — бизнинг келажагимиз!» шиори остида тадбир ташкил этилди. Бу ҳақда Туризм ва спорт вазирлиги хабар бермоқда.

Тадбирда иштирок этган Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов томонидан Токио-2020 ёзги Олимпия ҳамда Паралимпия ўйинларига йўлланмаларни қўлга киритган бир гуруҳ Тошкент вилоятидан бўлган спортчиларга уй, Spark русумли автомобиллар ҳамда пул мукофотлари топширилди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги.

Жумладан, тадбирда парасузиш спортидан Токио-2020 Паралимпия ўйинларига йўлланма олган Ислам Аслановга 2 хонали уй, таэквондо WТ бўйича терма жамоа аъзоси Светлана Осипова ҳамда юнон-кум курашчиси Элмурод Тасмурадовларнинг ҳар бирига Spark автомобили, паралимпиячилар Шаҳноза Мирзаева ҳамда Ҳаитмурод Шерқўзиевларга 50 миллион сўмдан пул мукофоти, Ўзбекистон чемпионати совриндори Саиджаббор Дадахоновга эса замонавий спорт велосипеди совға қилинди.

«Газета.uz» мухбирининг хабар беришича, президент Шавкат Мирзиёев 30 июнь куни бўлиб ўтган Ёшлар билан учрашувда Олимия ва Паралимпия ўйинларида қатнашадиган спортчиларни мусобақадан аввал ҳам кайфиятини кўтариш кераклиги ҳақида айтган эди.

«Нега уларни фақат олтин медаль олиб келганида ёзиш керак? Нимага олтин медаль олишга шеърлар ёзилмайди? Китоблар чиқарилмайди? Нимага оилаларига раҳмат демаймиз? Нимага маҳаллаларига бориб дув-дув гап қилмаймиз? Нимага ўқиган мактабига бориб раҳмат айтмаймиз? Ёзиш керак, албатта.

Худо хоҳласа биз яхши ниятлар қилайлик, улар медаль олиб келади. Лекин [мусобақага] боргунча номзод бўлганлари учун ёзсак бўладику. Китоблар чиқарсак бўлади. Катта-катта маърузалар чиқарсак бўлади. Ёшлар ишлари агентлиги бориб ўқиган мактабларида портретларини осиб қўйса бўлади. Нега қилмайди? Шунинг учун, уларга яхши ниятлар билан кўп истакларимиз бор. Уларнинг [Олимпиадага] бориб келиши учун қарор қабул қилдик. Уларнинг сонини келажакда 100 та эмас, 1000 та қилиш керак", — дейди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбари Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги уларга миннатдорчилик ва ҳозирдан кайфиятини кўтариш кераклиги бўйича топшириқ берган эди.

«Шоирлар шеър айтиши керак. Қанча уларни эътироф этсак уларда ғалабага эҳтиёж пайдо бўлади», — дея қўшимча қилади президент.

Аввалроқ, президент қарорига кўра, Олимпия ва Паралимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчилар учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилиши ҳақида хабар берилган эди.