Германия мудофаа вазири Аннегрет Крамп-Карренбауэр ARD телеканалига берган интервьюсида Афғонистондаги операция якунларини сарҳисоб қилди, деб хабар бермоқда Kommersant нашри.

Германиялик ҳарбийларнинг сўнгги гуруҳи 30 июнь куни Афғонистонни тарк этди. ГФР Мудофаа вазири аскарларни ҳудуддан чиқарилишини «муҳим тарихий воқеа» деб атади.

«Биз Афғонистондан тезда европача намунадаги давлатни ярата оламиз, деган нотўғри таассуротни уйғотдик», — деди мудофаа вазири.

Ҳарбий кампанияни сарҳисоб қилар экан, Аннегрет Крамп-Карренбауэр келгуси халқаро операциялар давомида «ҳақиқий сиёсий мақсадлар»ни қўйиш муҳимлигини қайд этди.

«Бу биз биринчи навбатда Малида инобатга олишим керак бўлган сабоқлардан бири», — деди вазир бундесвернинг Ғарбий Африкада жойлаштирилган бўлинмаларига ишора қилиб.

Германия вакиласининг сўзларига кўра, ГФР НАТО иттифоқдошлари билан биргаликда ислом республикасига бундан кейин ҳам ёрдам бериш йўлларини изламоқда. «Ҳаттоки, бизнинг мамлакатдаги ҳарбий иштирокимиз ўз якунига етган тақдирда ҳам биз Афғонистон томонида қолишимиз керак, — деди у. — Мисол учун, биз маҳаллий аҳолини қўллаб-қувватлашимиз мумкин».

Аннегрет Крамп-Карренбауэр ҳарбий альянс ичида айни вақтда НАТО қайси йўл орқали Афғонистон армиясини қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақида сўз бораётганини айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, бундесвар бўлинмалари Афғонистонга 2001 йилнинг декабрида, АҚШда содир бўлган 11 сентябрь фожиасидан кўп ўтмасдан юборилган эди. 20 йил мобайнида ўтказилган операцияларда 150 мингга яқин немис аскарлари қатнашди ва улар асосан, Ҳиндикуш ҳудудига жойлаштирилди. Ҳарбий миссия чоғида ГФРнинг 59 нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлган.

Маълумот ўрнида, 14 апрель куни АҚШ президенти Жо Байден Афғонистондан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошлангани, ушбу жараён жорий йил 11 сентябрга қадар якунланишини эълон қилганди.

Дональд Трапм бошчилигидаги аввалги маъмурияти 2020 йилнинг февралида Доҳада «Толибон» ҳаракати билан имзолаган тинчлик битимига кўра, Вашингтон 2021 йилнинг 1 майига қадар ўзи ва иттифоқдошларининг қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиши керак эди. Эришилган келишувлардан бу тарзда четлашиш толиблар томонидан кескин норозиликка сабаб бўлди, бу ҳолатда улар ўзларини Доҳа шартномаси бўйича қабул қилинган мажбуриятлардан қарийб, озод деб ҳисоблашини билдирган.

Май ойида АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшин ва ҳарбий техникани Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштириш имкониятларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар қилинган эди.

Қолаверса, июнь ўрталарида «Толибон» Туркиядан ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиб кетишни талаб қилди. Ҳаракат шу тарзда НАТО ўз қўшинларини Афғонистондан олиб чиқиши ортидан Анқаранинг Қобул аэропортини муҳофаза қилиш юзасидан берган таклифига муносабат билдирди.

Июнь охирларига келиб эса, АҚШ қўшинларининг асосий қисмини олиб чиққач, Афғонистонда 650 нафар америкалик аскарни қолдириш ниятида эканлигини маълум қилди. Associated Press`нинг ёзишича, қўшма штатлар бу қарорни мамлакатда қоладиган дипломатларнинг хавфсизлигини таъминлаш билан изоҳлаган.