АҚШ Афғонистондан олиб чиқилаётган қўшин ва ҳарбий техникани Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистон ва Тожикистонга жойлаштирилиши имкониятларини кўриб чиқмоқда, дея хабар берган эди The Wall Street Journal ўз манбаларига асосланган ҳолда. Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ушбу ҳолатга муносабат билдирди.

Хабарда айтилишича, базаларни жойлаштириш учун вариантлар сифатида, шунингдек, араб мамлакатлари ва денгиздаги ҳарбий-денгиз кучлари кемалари ҳам кўриб чиқилмоқда. «Агар Афғонистон билан қўшни мамлакатларга қўшин жойлаштириш имконсиз бўлиб чиқса, у ҳолда ушбу вариантлар ўрганиб чиқилади».

The Wall Street Journal хабарида айтилишича, АҚШ қўшинларини ушбу мамлакатларга жойлаштириш орқали Афғонистонда юз бераётган воқеаларга тезкор жавоб қайтариш имкониятига эга бўлади, чунки улар Афғонистон билан чегарадош. Аммо Россиянинг минтақадаги кучли иштироки, Хитойнинг у ердаги ўсиб бораётган иштироки ҳамда АҚШнинг ушбу мамлакатлар билан кескин муносабатлари у ерга ўз базаларини жойлаштириш режаларини мураккаблаштириши мумкин. Шу билан бирга, Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳозирча ҳеч қандай расмий сўров юборилмаган. Ҳозирча бу вариант АҚШ Мудофаа вазирлиги, Давлат департаменти ва Оқ уй томонидан кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил январь ойида қабул қилинган Ўзбекистон мудофаа доктринасига кўра, мамлакат ўз ҳудудида хорижий ҳарбий базалар ва объектларни жойлаштиришга йўл қўймайди.

Маълумот учун, АҚШ президент Жо Байден «АҚШ 1 майдан бошлаб Афғонистондан ўз ҳарбийларини олиб чиқишни бошлайди ва бу жараённи 11 сентябргача якунлашни режалаштирмоқда», дея эълон қилган эди.