29 июнь куни, Тошкентда ЮНИСЕФ ва ҳамкорташкилотлар Ўзбекистонда болаларни парвариш қилиш тизимини халқаро илғор тажрибага мувофиқ равишда ислоҳ қилиш мақсадида, ноинституционллаштиришни тезлаштириш бўйича биринчи халқаро конференцияни ўтказдилар. Бу ҳақда «Газета.uz» га ЮНИСЕФ матбуот хизмати хабар берди.

«Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбияланишини таъминлаш мақсадида ноинституционаллаштириш Миллий стратегиясини яратишнинг долзарбмасалалари» деб номланган конференциянинг мақсади Ўзбекистондаги болаларга институционал ғамхўрликдан улар оила ва жамият муҳитида ўсишлари учун йўлни белгилаб олишдир.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт ишлари қўмитаси томонидан ЮНИСЕФ ва Ўзбекистоннинг гендер тенглиги бўйича комиссияси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги интернат муассасаларида яшовчи болаларнинг улуши шу ёшдаги аҳолининг ҳар 100 минг кишисига 255 тани ташкил этади, бу дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан икки баравар кўпдир (100 мингга 120 бола).

Ўзбекистон ноинституционаллаштириш сиёсатини ишлаб чиқди ва тегишли ҳаракатлар режасини қабул қилди, дейилади хабарда. «Бироқ, йирик интернат муассасалари сўнгги чора эмас, балки муқобил парваришнинг энг асосий кўриниши бўлиб қолмоқда. Институционллаштириш даражаси юқори», — дея қайд этди БМТнинг болалар жамғармаси.

Тадбир давомида миллий ташкилотлар, шунингдек халқаро экспертлар Ўзбекистондаги болаларни парваришлаш тизимини ислоҳ қилиш соҳасидаги вазиятни муҳокама қилдилар. Тадбир иштирокчилари болалар парваришининг замонавий тизимини ишлаб чиқиш бўйича энг илғор халқаро ва миллий тажриба ҳамда бу соҳадаги сабоқлар билан бўлишдилар.

Халқаро даражада болаларни парвариш қилиш соҳаси катта муассасалар ўрнига оилавий ва жамоатчилик асосида бир қатор хизматлар кўрсатиш сари ўзгармоқда, дейилади хабарда.

Тадбир иштирокчилари Ўзбекистода ноинституционллаштириш жараёнини тезлаштириш бўйича тавсиялар бердилар. Маҳаллий даражада назоратни яхшилаб бориб, янги интернат муассасаларининг очилишига йўл қўймаслик; оилаларни қўллаб-қувватлаш ва реинтеграция хизматларини, шунингдек оила ва ҳамжамиятда муқобил парваришни кучайтириш, мавжуд интернат муассасаларини болалар ва оилалар учун ижтимоий хизматлар марказларига айлантириш шулар жумласидандир.

«Ўз оилалари ва қариндошлари болаларга ғамхўрлик қилганида улар гуллаб-яшнаши ҳамда институционллаштириш нақадар зиёнли экани ҳақида ЮНИСЕФ ишончли маълумотларга эга. Болалар ҳамжамиятларда улғайса, уларнинг барча ривожланиш натижалари сезиларли даражада яхшироқ бўлишини биламиз», — деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

«Институционал парваришни қўллашни сўнгги чора деб биладиган ҳамда энг муҳтожлар, жумладан уч ёшдан кичик ва ногиронлиги бўлган фарзандларни ўстираётган оилаларга қаратилган ижтимоий хизматларнинг кенг кўламини яратишни назарда тутадиган болалар парваришининг замонавий тизимини барпо этишда ҳукуматни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — дея таъкидлади Мунир Мамедзаде.

«Ҳар бир бола оилавий муҳитда тарбия топишга, ота-она меҳрини, яқинлари эътибори ва ғамхўрлигини ҳис қилиб яшашга тўла ҳақли», — деди Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева. У шунингдек, Сенатнинг тегишли қарорида чин етимлар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни «Меҳрибонлик» уйларига жойлаштириш энг сўнгги чора эканлигига, бундай болаларни оилалар тарбиясига бериш бирламчи вазифа эканлигига алоҳида эътибор қаратиш белгиланганлигини таъкидлади.

Танзила Нарбаеванинг сўзларига кўра, 2021 йил 1 январь ҳолатига республика бўйича жами 71,6 минг нафар бола васийлик ва ҳомийлик органлари назоратига олинган. 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб оилага тарбияга олинган (патронат) ҳар бир бола учун тўланадиган нафақа миқдори 1,3 баробарга оширилган. 2011−2020 йилларда «Меҳрибонлик» уйларини тугатган ва уй-жойга муҳтож 1 188 нафар битирувчидан 610 нафарига уй-жой берилган. Сенат ташаббуси билан жорий йилда давлат бюджетидан 50 миллиард сўм маблағ ажратилиб, меҳрибонлик уйларининг 900 нафар битирувчиларини уй-жой билан таъминлашга йўналтирилган, дея қайд этди Сенат матбуот хизмати.

«Газета.uz» ўз материалларида бир неча бор меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш мавзусини кўтарган. Болалар омбудсмани Алия Юнусова бизнинг нашримиздаги мақоласида болалар ихтисослаштирилган муассасаларидаги болаларни ноинституционаллаштириш вазифалари ҳақида сўзлаб берган ва меҳрибонлик уйлари болалар учун жой эмаслигини таъкидлаган. Дилмурод Юсупов нима учун меҳрибонлик уйлари ёпилиши кераклиги ва улар ҳақидаги афсоналарнинг ҳақиқатга тўғри келмаслигини асослаб берган эди.