Бундан икки йил аввал Марғилон шаҳридаги 1-сонли Меҳрибонлик уйида содир бўлганларни яхши эсласангиз керак. Ўшанда кўпчилигимиз болаларни жинсий ва жисмоний зўрлаш ҳамда муассаса пулларини талон-торож қилишда айбланган болалар уйи ходимлари устидан «ўта юмшоқ ҳукм чиқарилганидан» жуда норози бўлган эдик. Якунда болаларга қарши мудҳиш жиноятларни содир этган директор ўринбосари ва бошқаларга узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинланди. Бироқ ушанда фақатгина айбдорлар жазоланди. Энди муаммонинг асл илдизларига назар ташлаш вақти келди — яъни болалар уйларининг мавжудлиги билан боғлиқ муаммоларга.

«Газета.uz»нинг 2374 нафар ўқувчиси иштирок этган меҳрибонлик уйлари мавзусидаги сўровни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиб бўлмайди. Аммо унинг натижалари аҳамиятга молик. Чунки сўров васийлик масаласи кўпчиликни ўйлантираётган мавзу эканини кўрсатди. Меҳрибонлик уйларига нисбатан ишонч етарлича эмаслигига қармай, сўровнома иштирокчиларининг деярли ярми ҳали ҳам Ўзбекистонда меҳрибонлик уйлари зарур эканлигини қайд этишган. Шу билан бирга, респондентларнинг деярли учдан бир қисми улар ҳақда ижобий фикрда.

«Газета.uz»нинг 2374 нафар ўқувчиси иштирок этган меҳрибонлик уйлари мавзусидаги сўровни мутлақ ҳақиқат деб қабул қилиб бўлмайди. Аммо унинг натижалари аҳамиятга молик. Чунки сўров васийлик масаласи кўпчиликни ўйлантираётган мавзу эканини кўрсатди. Меҳрибонлик уйларига нисбатан ишонч етарлича эмаслигига қармай, сўровнома иштирокчиларининг деярли ярми ҳали ҳам Ўзбекистонда меҳрибонлик уйлари зарур эканлигини қайд этишган. Шу билан бирга, респондентларнинг деярли учдан бир қисми улар ҳақда ижобий фикрда.

Респондентларнинг атиги 5 фоизи деинституционализацияни меҳрибонлик уйлари ва бошқа махсус муассасаларнинг ёпилиши билан боғлашади ва 24 фоиз ўқувчилар бу нима эканлигини билишмайди. Энг аввало, деиинституционализация деганда васийликнинг оилавий шаклларини ривожлантириш ва болаларни тарбия учун оилаларга топшириш, шунингдек, оилавий болалар шаҳарчаларини ривожлантириш тушунилади.

Албатта, ҳаммамизнинг ҳам ниятимиз яхши ва балки ота-оналар қарамоғидан маҳрум бўлган етимлар ва болалар учун барпо этилган муассасавий васийлик тизимидан бошқа муқобилини кўрмаётгандирмиз. Аммо эзгу ниятлар билан жаханнамга йўл ҳозирланди.

Болалар оилаларга тегишли, меҳрибонлик уйларига эмас

Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйида содир бўлган аянчли воқеа Ўзбекистонда кенг жамоатчиликнинг норозилигига сабаб бўлган бир пайтда, мен «Люмос» хайрия ташкилотининг «Васийликни ўзгартиришга кириш» қисқа курсини ўтаётган эдим. Гарри Поттер ҳақидаги машҳур асарлар муаллифи Жоан Роулинг томонидан асос солинган «Lumos»нинг вазифаси «2050 йилга келиб барча болалар муҳаббатга тўла, меҳрибон ва ғамхўр оилаларида ишончли ҳимоя остида ўсиб-улғайишини таъминлашдан иборатдир». Дунёнинг 12 дан зиёд давлатлари, шу жумладан Молдова, Украина ва Болгарияда ўзининг иш тажрибасига эга бўлган ушбу ташкилот, ҳар қандай шароитда ҳам муассасалар болалар учун зарарли эканлигини уқтириб келади.

Сўнгги саксон йил давомида ўтказилган кўплаб илмий тадқиқотлар натижалари шуни кўрсатмоқдаки, институтлаштириш болаларнинг соғлиғи ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу салбий таъсир болалар муассасалари барча талабларга жавоб берган ва яхши молиялаштирилган тақдирда ҳам, кузатилиши мумкин.

Келинг, болалар уйларидан воз кечиш сабабларини ҳамда муқобил оилавий васийлик шаклларини нима учун ривожлантиришимиз лозим эканлигини кўриб чиқамиз?

Биринчи сабаб: боғлиқликнинг мавжуд эмаслиги

Болалар уйларининг болаларга нима учун зарарли эканлигини тушуниш учун аввало боғлиқлик нима эканлигини яхшилаб тушуниб олишимиз керак. Америкалик психолог Вера Фалберг ўзининг боғлиқлик назариясида буни жуда яхши тушунтириб берган. Бола дунёга келганда, унинг йиғиси ташқи дунё билан алоқа қилишнинг ягона воситаси бўлиб хизмат қилади. Ҳар сафар чақалоқ оч қолганида, ўрни ҳўл бўлганда, чарчаганда, совқотганда, қаеридир оғриганида ёки шунчаки ўзини ёлғиз ҳис этганида — у йиғлайди. «Қўзғалиш — релаксация» даврийлиги (эҳтиёж — норозилик билдириш — эҳтиёжнинг қондирилиши — тинчланиш — янги эҳтиёж) бола ҳаётининг биринчи ҳафталарида ва ойларида минг маротабалаб такрорланади.

[боғлиқни билан алоқадор диаграмма]

Ота-онасининг доимий ғамхўрлигини ҳис этган гўдак ишончли ҳимоя ва ғамхўрлик остида эканлигини тушунади. Шу тариқа, боғлиқлик барча оилаларда бот-бот такрорланади. Аммо биз катталар бу жараённинг болалар ривожланиши учун нақадар муҳимлигини камдан-кам ҳолларда тушунамиз. Тўлақонли циклда ўзига баҳо бериш, когнитив ривожланиш ва боланинг таълим олиш қобилиялатлари ўртасида кучли ўзаро боғлиқлик мавжуд бўлади.

Энди Гўдаклар уйини тасаввур қилинг, бу ерда одатда 5−20 болага ҳар 8 соатда алмашиб турадиган бир тарбиячи тўғри келади. Бундай шароитда ҳар бир боланинг индивидуал эҳтиёжларини мунтазам равишда қондириш мумкин эмас. Натижада муассасада тасдиқланган жадвал асосида болалар овқатлантирилиб, тагликлари алмаштирилиши, чўмилтирилади. Бу эса болалар бир неча соат давомида ҳўл ўринда ётиш, очлик ёки оғриқларни ҳис этиши мумкинлигини англатади. Шу тариқа чақалоқлар ҳеч ким унинг сўровига жавоб қайтармагани сабабли йиғлашни катталар билан мулоқот қилиш воситаси сифатида ишлатишни тўхтатишади. Узоқ вақт ноқулай ҳолатда қолиш натижасида болалар ташқи дунёни ўрганишга диққатини қарата олмай қолишади.

Иккинчи сабаб: жисмоний ва руҳий ривожланишдан ортда қолиш

1950-йилларда австрия-америкалик психоаналитик Рене Шпиц одатий оилавий ҳаётдан маҳрум бўлган болаларнинг жисмонан яхши ривожланмаслигини, танасини қимирлатиб қўйиш, қўлларини соллаш (тебратиш) ва бошқа одатга айланган маъносиз ҳаракатларни намоён этишини аниқлади. 1952 йилда Рене Арпад Шпиц ўзининг Иккинчи Жаҳон уруши болалари учун етимхоналарда олиб борган изланишлари асосида «Гўдаклардаги психоген бузилишлар» фильмини суратга олди. Натижалар шуни кўрсатдики, боланинг онасидан эрта ажралиши унинг барвақт институционаллашуви у болалар госпитализми деб номлаган патология — болаларда сенсор ва ҳиссий рағбат етишмовчилиги сабабли жисмоний ва руҳий қолоқликни келтириб чиқаришини кўрсатди.

Меҳрибонлик уйларида улғайиш болаларнинг ақлий ривожланишига жуда ҳам зарарли эканлигининг яна бир илмий исботи 2000 йилларда Руминияда ўтказилган Бухарест лойиҳаси доирасидаги — эрта аралашув тадқиқотининг натижаларида намоён бўлади. Ўшанда илк бор тасодифий танлов услубида 6−31 ойлик 136 нафар етим боланинг ярми болалар уйидаги гуруҳда қолдирилиб, ярми тутинган оилаларга тарбияланиш учун жойлаштирилган эди. Тадқиқот давомида мунтазам равишда меҳрибонлик уйлари ва ҳеч қачон болалар уйида бўлмаган назорат гуруҳидаги болаларнинг ривожланиш даражалари таққослаб борилди. Болалар бош мияси электрон фаоллигини ўлчаш учун энцефалограммалар (ЭЭГ) олинди.Манба: «Люмос» ташкилотининг «Васийликни ўзгартиришга қисқача кириш» курсидан.

Юқоридаги иккита расм Бухарестда ўтказилган тадқиқотдан олинган бўлиб, уларда икки боланинг мия текшируви натижалари акс этган. Ўнг томондаги расмда оилада тарбияланган бола миясининг ЭЭГ тасвири акс этган. Унда неврологик фаоллик жуда юқори, айниқса миянинг олд қисми йўналиши бўйича: қизил ва тўқ сариқ рангдаги соҳалар бола миясининг жуда фаол эканлигидан далолат беради. Чапдаги расм эса муассасада тарбияланган боланинг мияси. Мовий ва яшил ранглар бола миясининг жуда суст ривожланаётганлигидан дарак бермоқда. Тадқиқот шуни кўрсатдики, муассасада ўтаётган ҳар 3 ойда бола 1 ойга ривожланишдан орқада қолади, бола у ерда қанча кўп вақт қолса, унга шунчалик катта зарар етади ва ривожланишдан орқада қолишни бартараф этиш имкониятлари шунча кам бўлади.

Учинчи сабаб: тажовузлар хавфининг юқори экани

Кўпгина тадқиқотлар шуни кўрсатадики, меҳрибонлик уйларида тарбияланган барча ёшдаги болалар жуда кўп тажавузларни бошдан кечиришади. Жумладан, улар жисмоний ва жинсий зўравонлик, ғамхўрликнинг йўқлиги, шунингдек, одам савдоси ёки эксплуатациянинг бошқа кўринишларидан азият чекиш хавфи остида бўлишади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ўтказилган тадқиқот шуни кўрсатдики, болалар уйларининг жисмоний нуқсони бўлган тарбияланувчилари ногиронлиги бўлмаган бошқа болаларга қараганда зўравонликдан 3,7 баравар кўпроқ азоб чекишади. Шу муносабат билан, ногиронлиги бўлган болаларнинг болалар муассасаларига жойлаштирилиши уларнинг зўравонликларга учраши хавфини янада оширади. Интернат муассасаларида мулоқотда нуқсони бўлган (эшитиш ва нутқ ҳамда ривожланишнинг ўзига хосликлари бўлган) болалар уларга қарши қўлланилган зўравонликлар ҳақида хабардор қилишда қийинчиликларга дуч келишлари мумкин.

Марғилон шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйида болаларга нисбатан зўравонликлар ошкор этилиши тарихи ҳали ҳам номаълумлигича қолмоқда — зўравонлик ҳақидаги миш-мишлар 2017 йилнинг декабрида тарқалганига қарамасдан, 2018 йилнинг май ойида жамоатчилик эътиборига тушди. Болалар муассасаларида жамият кўзидан панада содир бўлаётган ҳолатлар устидан доимий назорат ва кузатув олиб бориш деярли имконсиз. «Меҳрибонлик» уйлари, болалар шаҳарчалари ва Гўдаклар уйлари бино ҳамда ҳудудларининг видеокузатув камералари билан жиҳозланиши юзаки чоралар ҳисобланади. Муаммони фақатгина васийликнинг оилавий шакллари ҳамда тутинган ота-оналарни қўллаб-қувватлаш хизматлари йўли билан ҳал этиш мумкин.

Тўртинчи сабаб: балоғатга етгандаги муаммолар

Болалар уйларидаги зарарлардан ташқари, институционализация битирувчиларга балоғатга етганидан кейин ҳам муаммоларни келтириб чиқаришда давом этади. Россияда ўтказилган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, меҳрибонлик уйлари битирувчиларининг тўсатдан катта ҳаётга ўтиши уларнинг ижтимоий яккаланиб қолиш, уйсиз ва ишсиз бўлиб қолиш, жиноятчига айланиш, руҳий саломатлигининг бузилишини олиб келиши ва улар ҳаттоки ўз жонига қасд қилишгача олиб бориши мумкинлигини кўрсатди.

Россияда олиб борилган тадқиқот доирасида 15 000 нафарга яқин ёшларнинг тақдири улар муассасани тарк этганидан кейин ўрганилди. Маълум бўлишича, ҳар беш кишидан бири жиноят содир этган, етти кишидан бири фоҳишалик билан шуғуллана бошлаган, ўн кишидан биттаси эса ўз жонига қасд қилган. Буларнинг барчаси ижтимоийлашув ва жамиятга мослашиш кўникмаларининг етишмаслигидан келиб чиққан.

Кўплаб оилаларда болалар одатда овқат тайёрлаш, кир ювиш, озиқ-овқат ва кийим-кечакларни сотиб олиш ва бошқа шу каби майда-чуйда ишларни ўзлари қилишлари ва бу борада мустақил қарор қабул қила оладиган, бироқ болалар уйларида бу каби ишларни бошқалар улар учун қилиб берганлари сабабли уларда боқимандалик кайфияти пайдо бўлади. Мустақил ҳаёт кўникмалари мавжуд бўлмагани натижасида улар жамиятдаги мустақил ҳаётга тайёр бўлмаган ҳолда чиқарилади.

Бешинчи сабаб: болалар уйлари жуда қимматга тушади

Давлатимиз битта болани болалар уйида боқиш ва тарбиялаш учун қанча маблағ сарфлайди? Масалан, Россия Таълим вазирлигининг расмий маълумотларига кўра, болалар уйидаги ҳар бир бола учун йилига 1 миллиондан 1,328 миллион рублгача (143−190 миллион сўм) маблағ сарфланади.

Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳукумат бир болани институционал муассасада сақлаш учун ойига 10 миллион сўм маблағ сарфлайди, иш ҳақи жамғармаси, коммунал хизматлар ва болалар уйининг биноларини сақлаш харажатлари бундан мустасно. Аммо молиявий ва маънавий зарарни таққослаш қийин.

Болалар уйлари жамиятга жуда қимматга тушади, чунки биз ёпиқ муассасаларда болалар уйлари тарбияланувчиларининг руҳиятини ва ривожланишини бузмоқдамиз.

Агарда биз етимхоналардан аста-секинлик билан воз кечиб, «озод қилинган» инсоний ва молиявий ресурсларни профессионал васийлик ва ҳомийликни ривожлантиришга йўналтирсак, болаларни оилаларга тарбиялаш учун жойлаштириш орқали бюджетдан солиқ тўловчиларнинг пуллари камроқ сарфланган бўлардик.

Юқорида келтирилган барча илмий далиллар шуни кўрсатадики, институционал муассасалар болаларга жиддий ва тузатиб бўлмайдиган даражада зарар етказади. Бироқ, шунга қарамай, кўплаб одамлар ҳали-ҳамон институционал васийликни ҳаттоки ишончга дарз етказган бўлса ҳам маъқул деб ҳисоблашмоқда. Табиий саволлар туғилади: «Ногиронлиги бўлган болалар масаласи нима бўлади? Ўта қашшоқ шароитда яшаётган болаларчи? Виждонсиз ота-оналар билан қандай муносабатда бўлиш керак — болаларни улар қўлида қолдириш керакми?» Албатта, бу саволларнинг барчаси эзгу ниятлардан туғилади, бироқ, келинг, аввал кенг тарқалган афсоналарга тўхталсак.

Биринчи афсона: болалар уйларида фақат етим болалар яшайди

Маълумотларнинг кўрсатишича, бутун дунё бўйлаб институционал муассасалардаги болаларнинг 80 фоизи, аслида, бир ёки ҳар икки ота-онасига эга. Ҳақиқий етим ҳисобланган болалар, — тўғри қўллаб-қувватлов шароитида — оиласининг бошқа аъзолари, тутинган ва патронат оилаларда яшашлари мумкин.

Қайси ота-она ўз фарзандидан воз кечар эди? Бундай афсусланарли қарорга келишга ҳаётнинг оғир шартлари, оиладаги аянчли ижтимоий-иқтисодий вазият, меҳнат миграцияси сабаб бўлиши мумкин. Аксарият ҳолатларда ота-оналар ўз фарзандалари учун муносиб шарт-шароит яратиб бера олмасалар, болалар уйларида уларга яхшироқ ғамхўрлик қилинади, деган мақсадда ўз фарзандларини истамаган ҳолда интернетларга топширадилар.

Иккинчи афсона: болалар уйлари — болалар учун энг хавфсиз жой

Кўпчилик одамлар номуносиб оилалар ва уларда шаклланган хафли муҳитдан болаларни ҳимоя қилишда муассасалар айрим болалар учун энг хавфсиз жой, деб ҳисоблайди. Баъзида шундай вазиятлар туғиладики, боланинг ўз ота-онаси билан яшаши хавфли бўлиб қолади. Бироқ агарда биз болаларни оилаларидан олиб, уларни муассасаларга жойлаштирсак, уларни кейинчалик бошқа зўравонликлар хавфи остида қолдирган бўламиз. Пухталик билан режалаштириш орқали оилавий муқобилларни ишлаб чиқиш мумкин.

Учинчи афсона: болалар уйлари «мураккаб» болалар учун керак

Кўпчилик ногиронлиги ва парваришлашда алоҳида эътиборга муҳтож болалар, шунингдек, қийин хулқ-атворли болалар (бошқача айтганда, «алоҳида эҳтиёжга эга болалар») фақатгина институционал муассасалардагина зарур ёрдамни олишлари мумкинлигига ишонадилар. Ҳаттоки ривожланишда ўзига хослиги бўлган болалар туғилиши биланоқ тиббиёт ходимлари ота-оналарга янги туғилган гўдагини ихтисослаштирилган муассасаларга топширишни тавсия қиладилар. Бу ҳолатга жамиятда шаклланган стигма ва камситишлар ҳам сабаб бўлади.

«Ҳа» ва «йўқ» томонларни тарозига тортар экан, ота-оналар ривожланишда ўзига хослиги бўлган болалар учун ижтимоий ва тиббий хизматларни кўрсатиш чекланган, инклюзив (уйғунлашган) таълим ривожланмаган ҳозирги шароитда фарзандини муассасага бериш энг тўғри қарор, деб ўйлайдилар. Ногиронлиги бўлган болаларни ижтимоий муҳофаза қилиш борасидаги адолатсизликлар, жумладан, болани муносиб равишда парваришлаш ва унинг ривожланишига етмайдиган болаликдан ногиронлик бўйича арзимаган миқдорда ажратилаётган нафақалар ҳам ушбу қарорнинг туғилишига туртки бўлади.

Натижада, Халқ таълими вазирлигининг маълумотларига кўра, 20 мингдан ортиқ бола ёки Ўзбекистонда институционал муассасалардаги барча болаларнинг қарийб 70 фоизини ногиронлиги бўлган болалар ташкил этмоқда.

Бироқ тўғри ёндашув, инклюзив таълим, интитуционал тизимлардан қайта йўналтирилган ресурслардан фойдаланган ҳолда маҳаллалар даражасида ҳам бундай болалар билан ижтимоий ишлашни ва улар учун зарур бўлга барча хизматларни кўрсатиш мумкин, шу йўл билан болалар ота-оналаридан ҳам ажратиб олинмайди.

Собиқ иттифоқ даврида болалар уйида болалар церебрал фалажига чалинган бола бўлиш қандай эканини тушуниш учун Рубен Гальегонинг «Қорадаги оқ» автобиографик романи ҳамда болалар уйи битирувчиси Александр Гезаловнинг яқинда ўзбек тилига таржима қилинган «Шўрпешона болалик» асарини ўқишни тавсия қиламан. Гезалов детдом (болалар уйи) атамаси ўрнига «детлом» — болаликни синдириб, ампутация қиладиган уй атамасини қўллашни, бутун бошли болаларни институционаллаштириш саноатини эса «сиротпром» — «етимлик саноати» деб аташни таклиф қилади.

Тўртинчи афсона: болалар меҳрибонлик уйларида давлатнинг ишончли ҳимояси остида

Бугун 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни. Ўтган йилда бўлгани каби, болалар уйлари ва ихтисослаштирилган муассасалардаги боллар давлатнинг ишончли ҳимояси ва ғамхўрлиги остида экани ҳақида баландпарвоз гап-сўзлар айтилади. Ҳаттоки меҳрибонлик уйларида оилалардагидан кўра яхшироқ шароитлар яратилганини ҳам тасдиқлашлари мумкин.

Буларнинг илдизи советлар даврига бориб тақалади. Ўша даврларда болаларнинг институционаллашуви икки асосий омилга боғланган эди. Улар: совет давлатини барча фуқароларининг асосий эҳтиёжларини таъминлайдиган инсонпарвар куч сифатидаги ижтимоий тасаввурларни яхшилаш ҳамда Совет Иттифоқининг ижтимоий муаммолардан ҳоли «соғлом миллат» сифатидаги қиёфасини шакллантиришга бўлган онгли заруриятлар сабаб бўлган.

Бешинчи афсона: болалар уйлари туризми — эзгу иш

Агарда болалар уйлари болаларга зарар етказса, у ҳолда улар ким учун фойдали? Амалдорлар ва йирик тижорат тузилмаларига ҳар янги йил етим болалар учун Янги йил байрамини ташкил этиш, совғалар бериш ва ногиронлиги бўлган болалар билан суратга тушиш, кейин янгиликларни оммавий ахборот воситаларида ижтимоий реклама сифатида эълон қилиш мушкул иш эмас. Меҳрибонлик уйи бир марталик хайрия акцияси учун ажойиб майдондир — ҳам болалар мамнун, ҳам уларнинг обрўси янада яхшиланди.

Ниятлар қанчалик эзгу бўлмасин, ачинарли ҳақиқат шундаки, меҳрибонлик уйларига ташрифлар ва волонтёрлик болаларни ўз оиларидан ажратиб, уларни суистеъмолчиликлар ва шафқатсиз муносабатлар хавфи остида қолдирадиган «Етимлик саноати»нинг ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Ўтган йили «Люмос» уч йиллик #HelpingNotHelping (#YordamYordamBermaydi) глобал акциясини бошлади, Жоан Роулинг эса барча бефарқ бўлмаганларни болалар уйлари туризмига (orphanage tourism) барҳам беришга чақирди.

«Бугун мен ёшларга юзланиб мурожаат қилмоқдаман: Ҳа, кўнгилли бўлинг, аммо пухта ўйлаб иш қилинг. Сизнинг вақтингиз ва кучингиз жуда қимматбаҳо: улардан оқилона фойдаланинг ҳамда улар сизга дунёни ўзгартиришга ёрдам беради. Болалар уйларида кўнгилли бўлиб ишламанг. Бунинг ўрнига, болаларни меҳрибонлик уйларига итқитаётгансабабларга назар ташланг ва ўз вақтингизни қашшоқликка қарши курашаётган ёки ҳаётан муҳим хизматлар билан жамиятни қўллаб-қувватлашга қаратилган лойиҳаларга сарфланг», — деб маслаҳат берди Жоан Роулинг.

Болалар уйларини ёпиш зарурлиги ҳақидаги гап кетганида, уларни бир соатда ёпиб ташлаш назарда тутилмайди. Биринчи навбатда оилаларнинг ажралиб кетишига барҳам берадиган ижтимоий хизматларни ривожлантириш ҳамда ўз оилалари билан яшай олмайдиган болаларга муносиб муқобил таклифларни тақдим этиш зарур. Иккинчидан, инсоний ва молиявий ресурсларни қайта йўналтирган ҳолда болаларни босқичма-босқич муассасалардан уларнинг эҳтиёжларига кўпроқ мос келадиган васийликнинг оилавий шаклларига ўтказиш зарур.

Энг асосийси — етимлик оқибатлари билан курашиш эмас, балки унинг олдини олиш, ҳимояга муҳтож оилаларнинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш ҳамда инклюзив (уйғунлашган) ривожланишга кўмақ қилиш ҳам зарур. Танлов ихтиёри ўзимизда — яхши футбол ўйнайдиган етим болалар борлигидан фахрланиб юриш ёки Халқлар дўстлиги майдонига назар ташлаб, темирчи оиласидан ибрат-намуна олиш.

Мақолада билдирилган фикрлар таҳририят нуқтаи назарини акс эттирмаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия) Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти.