Республика махсус комиссияси қарорига кўра, 10 майдан Ҳиндистон ва Туркияга авиақатновлар учун вақтинчалик чекловлар ўрнатилади, дея хабар берди Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати.

Ушбу мамлакатларда COVID-19 тарқалиши билан боғлиқ вазиятнинг кескин ёмонлашишини ҳисобга олган ҳолда ва тегишли идораларнинг таклифлари асосида чекловлар жорий қилинди, дейилади хабарда.

10 майдан бошлаб Ҳиндистон ва Туркияга фақатгина қуйидаги тоифадаги фуқаролар боришлари мумкин бўлади:

  • хизмат сафарига борувчи Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар,
  • хорижда таҳсил олаётган талабалар,
  • Ўзбекистонда яшаш ҳуқуқига эга бўлган чет давлат фуқаролари,
  • дипломатлар ва уларнинг оила аъзолари,
  • хорижда фаолият юритувчи фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар,
  • инвестиция лойиҳалари доирасида олиб келинган мутахассислар,
  • транзит ва трансфер йўловчилар,
  • хорижда даволаниш учун кетаётган фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар (тегишли ҳужжатлар тақдим этилган тақдирда).

Ҳиндистон ва Туркияга хизмат сафарига борувчи Ўзбекистон фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга авиачипталар Республика махсус комиссиясининг рухсати билан сотилади.

Шунингдек, Ҳиндистон ва Туркиядан кириб келаётган фуқаролар уй ёки меҳмонхона широитида карантинда бўлишлари юзасидан тилхат тўлдиришлари керак бўлади.

Бундан ташқари бир қатор йшналишлардаги авиақатновлар ҳам вақтинчалик тўхтатилди:

  • Истанбул шаҳридан Фарғона, Урганч ва Самарқанд шаҳарларига авиақатновларни 5 майдан 1 июнга қадар тўхтатилди;
  • Ҳиндистон ва Туркияга сайёҳлар учун мўлжалланган барча чартер қатновларни 10 майдан бошлаб эпидемиологик вазият барқарорлашгунга қадар тўхтатилади;
  • Тошкент-Истанбул йўналишида авиақатновларни вазиятдан келиб чиқиб, 10 майдан бошлаб паритет асосида (талабдан келиб чиқиб) камайтиришга қарор қилинди.