Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида» фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

Фармон лойиҳасига кўра, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланади.

Декларация қилиш тизими доирасида мол-мулкнинг келиб чиқиш манбасини тасдиқлаш шарти фақат 2022 йил 1 январдан сўнг орттирилган мол-мулкка нисбатан татбиқ этилади.

Декларацияни тақдим этишдан бош тортиш ва нотўғри маълумот киритиш давлат хизматидан бўшатиш ва жавобгарликка тортишга асос бўлади. Давлат хизматчиларига хорижда банк хисобрақамларини очиш, нақд пул маблағларини сақлаш ва бошқа мол-мулкка эга бўлиш тақиқланади.

Декларациялашда аниқланган ноқонуний бойлик орттирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади.

Антикоррупция агентлиги «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқади ва ва Вазирлар Маҳкамасига киритади. Унга

  • декларацияни топшириш талаб этиладиган шахслар доираси;
  • даромадлар ва мол-мулкни мажбурий декларация қилиш тизимининг ҳар бир босқичини жорий этиш механизмлари;
  • декларацияларни мониторинг қилиш ва натижаларини эълон қилиб бориш тартиби киритилади.

Бундан ташқари, фармон лойиҳасида 2021−2022 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурини тасдиқлаш ҳам киритилган.

Шунингдек, Коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини шакллантириш мақсадида қуйидаги қонунлар тайёрланиши белгиланмоқда:

  • «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги;
  • «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги;
  • «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида"ги;
  • «Учинчи шахсларнинг манфаатларини ноқонуний илгари суришни (лоббистик фаолиятни) чеклаш тўғрисида"ги қонун лойиҳалари.

Маълумот учун, «Давлат фуқаролик хизмати» тўғрисидаги қонун лойиҳаси охирги маротаба 2020 йил май ойида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган эди.

Маълумот учун, даромадларни декларация қилишни назарда тутган давлат хизмати ҳақидаги қонун 2017 йил сентябрь ойида қабул қилиниши керак эди, лекин бунинг муддати бир неча маротаба сурилди. Сўнгги маротаба уни 2020 йил 1 январдан, кейин эса 2021 йил 1 январдан жорий қилиш ҳақида хабар берилган эди. Май охирида Антикоррупцион агентлик директори Акмал Бурхонов президент давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий қилишни тезлаштириш бўйича топшириқ берганлиги ҳақида хабар берган эди.

Олдинроқ, ушбу фармон лойиҳаси билан коррупцияда айбдор деб топилганларни давлат хизматига қабул қилмаслик ва манфаатлар тўқнашуви учун жиноий жавобгарлик белгилаш таклиф этилгани тўғрисида хабар берган эдик.