Адлия вазирлиги томонидан коррупцияга қарши кураш бўйича янги президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Фармон лойиҳасига кўра, манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган мансабдор шахсларга жиноий жавобгарлик белгиланади.

Фармон лойиҳасида айтилишича, қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган лавозимни эгаллаб турган шахснинг бевосита ёки билвосита шахсий манфаати мансаб (хизмат) мажбуриятларини объектив ва холис бажаришига таъсир кўрсатувчи ёки шундай таъсир кўрсатиши мумкин бўлган вазиятлар манфаатлар тўқнашуви ҳисобланади ҳамда бундай ҳолатларга йўл қўйганлик ва уларни олдини олиш бўйича ўз вақтида чора кўрмаганлик ўрнатилган тартибда жавобгарликни келтириб чиқаради.

Фармон имзоланса, мансабдор шахсларнинг манфаатлар тўқнашуви деб ҳисобланадиган ҳаракатлари белгиланиб, уларни амалга ошириш қатъиян тақиқланади. Масалан, мансабдор шахсларга тижорат ташкилотларининг муассиси бўлиш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, давлат органининг ишларида учинчи шахсларнинг манфаатларини ноқонуний илгари суриш ва бошқалар тақиқланади.

Коррупцияга қарши курашиш агентлигига манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳар қандай ҳолатлар аниқланганда, шартнома, буйруқ ва бошқа ҳужжатларни тўхтатиш тўғрисида тақдимнома ёки уни ҳақиқий эмас деб топиш бўйича судга даъво киритиш ваколати берилади.

Лойиҳада 2022 йил 1 январга қадар «Манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш тўғрисида"ги қонун, шунингдек, давлат харидлари, солиқ имтиёзлари, ер ажратиш, давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларида манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарликни ўрнатишни назарда тутувчи қонун лойиҳалари ишлаб чиқилиши белгиланган.

Давлат харидлари соҳасида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун жисмоний шахсларнинг шахсий идентификация рақами (ПИНФЛ) бўйича электрон маълумотлар базаси билан давлат харидлари бўйича махсус ахборот порталининг маълумотлар алмашинувини таъминлаш орқали манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ хавфларни аниқлаш имконини берувчи электрон тизим жорий қилинади.

Фармон лойиҳасида Антикоррупция агентлиги давлат харидлари бўйича эълон қилиб бориладиган ҳар ойлик маълумотларни батафсил ўрганиб, манфаатлар тўқнашуви ёки коррупция аломатлари мавжудлиги бўйича хулосани веб-сайтларда эълон қилиб бориши кўзланмоқда.

Давлат харидлари амалга ошириладиган махсус ахборот порталида манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ бўлган хавфларни олдини олиш бўйича автоматлаштирилган тизимни жорий қилиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, тизим қуйидаги маълумотларни қайта ишлайди:

  • қатнашчининг давлат харидларидаги иштироки тарихи (маҳсулот, хизмат етказиб берувчининг илгари иштирок этган танловлари, бажарган ишлари);
  • қатнашчининг бенефициарлари ҳақидаги маълумотлар;
  • буюртмачи ва иштирокчи ўртасидаги эҳтимолий боғлиқликлар (қариндошлик, бирга таълим олганлик, меҳнат фаолияти ёки бизнес алоқалари ва бошқалар ҳақидаги маълумотлар).

Автоматлаштирилган тизим орқали манфаатлар тўқнашуви аниқланган ҳолларда автоматик равишда давлат хариди жараёнида битимга даъвогарнинг иштирокини чеклаш юзасидан таклифлар тайёрланади.

Олдинроқ, ушбу фармон лойиҳаси билан коррупцияда айбдор деб топилганларни давлат хизматига қабул қилмаслик ва давлат хизматчиларининг даромадлари декларациясини 2022 йилдан очиқлаш таклиф этилгани тўғрисида хабар берган эдик.