Тошкент шаҳри ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги бошқарув компаниясини яратишни таклиф этди. Ҳоким бу таклифни президент раислигида Ўзбекистонда кўп қаватли турар жой биноларини қуриш ва уларга хизмат кўрсатишни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида билдирди.

«Газета.uz» мухбири хабар беришича, ҳоким бошқарув сервис компанияси давлат унитар корхонаси шаклида яратилишини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, Туркия ва бошқа мамлакатлардан 50 нафар экспат (чет элдан таклиф қилинган ходим)ни жалб этиш режалаштирилмоқда.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошқарув компаниясига боғлиқ тажрибани Тошкентда синаб кўришни, лойиҳа муваффақиятга эришгач эса ушбу тажрибани бошқа ҳудудларда ҳам жорий этишни таклиф қилди.

Шаҳар ҳокимининг маълум қилишича, у бу каби бошқарув компаниялари тажрибаси билан 17−18 май кунлари ўзбек делегацияси таркибида Қозонга амалга оширган ташрифи давомида танишганини айтди. Қозонда турар жой фондига 118 та бошқарув компанияси ва 510 га яқин уй-жой мулкдорлари ширкатлари хизмат кўрсатади.

Унинг сўзларига кўра, бошқарув компанияси аҳолига таъмирлаш, қурилиш материалларни етказиб эриш, болаларни парваришлаш ва бошқа хизматлар билан таъминлайди.

«Қозонда ҳатто болаларни парваришлаш бўйича хизмат ҳам бор, уйингизга ҳатто кефир олиб келиши ҳам мумкин… Ўйлайманки, 5−10 йилдан сўнг бу каби компания барибир керак бўлади», — дейди ҳоким.

Президент Шавкат Мирзиёев лойиҳани апробация қилиш ва тақдимот учун тайёргарлик кўришга вақт берди. Шунингдек, у Татаристон президенти Рустам Миннихановнинг мамлакатга ташрифи кутилаётганини, у билан лойиҳани такомиллаштириш имкониятини муҳокама қилиш мумкинлигини таъкидлаб ўтган.

Йиғилишда давлат раҳбари Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятовга икки ой ичида мамлакатдаги 14 та шаҳарда 1100 дан ортиқ кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатувчи бошқарув компаниясини синов тариқасида танлаш топшириғини берган.