100 га яқин уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш тизимидаги мансабдорлар коррупциявий жинояти учун жавобгарликка тортилган.

Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 28 май кунги видеоселектор йиғилишида маълум қилди, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Йиғилишда давлат раҳбари уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида маблағларни самарасиз ишлатиш, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, қолаверса коррупциявий омиллар анча юқорилигини айтган.

Унинг сўзларига кўра, ўтган 2 йил давомида соҳанинг 100 га яқин мансабдор шахслари коррупциявий жиноятларни содир этган ва жавобгар бўлган.

Президент Андижон уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси раҳбарлари 240 миллион сўм, Наманган «Таъмирлаш тиклаш хизмати» корхонаси мансабдорлари 250 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилган, Сурхондарё Сув таъминоти бошқармаси ходимлари 540 миллион сўм маблағларни ўзлаштириб юборганини мисол қилиб кўрсатган.

«Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Шерзод Хидоятов, унинг тизими олдида кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни яхшилаш ва уй-жой фондини янгилаш, соҳада коррупцияни йўқотиш вазифалари устувор этиб белгиланади», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шерзод Хидоятов вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга,кўп квартирали уйларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш учун, уларга бошқарув-сервис компанияларни жалб этиш лозим.

Масалан, Юнусободда 269 та ширкатни (1 мингта кўп қаватли уй) 12 та бошқарув-сервис компанияларига бириктириш ҳисобига, авария ҳолатлари 60 фоизга, муддати ўтган қарздорлик 25 фоизга қисқарган, 1,4 млрд сўм банк кредити қайтарилган.

Ушбу туманда 110 та кўп қаватли уй-жойга 25 та ширкат (194 та ишчи) қилган ишларни, бугунги кунда 54 та ишчиси бўлган 1 та бошқарув компанияси амалга оширмоқда.

Шу билан бирга, бошқарув компанияси қўшимча 9 та мактаб ва боғча ҳамда 50 та тадбиркорлик субъектларини қамраб олган.

Ширкатларда уй-жойларни сақлаш тарифининг 35 фоизи иш ҳақига кетган бўлса, бошқарув компанияси ишчиларига ойликни 2 бараварга оширганда ҳам, бу кўрсаткич 7−8 фоизни ташкил қилмоқда (ўтган йилда иш ҳақидан 324 миллион сўм иқтисод қилган).

Президент Шерзод Хидоятовга вилоят ҳокимлари билан бирга, икки ой муддатда тажриба тариқасида Нукус (56 та уй), Андижон (134 та), Бухоро (45 та), Жиззах (54 та), Қарши (54 та), Навоий (101 та), Наманган (103 та), Самарқанд (47 та), Термиз (109 та), Гулистон (85 та), Урганч (60 та) Фарғона (90 та), Чирчиқ (74 та) ва Ангрен (92 та) шаҳарларида бошқарув-сервис компаниясини аниқлаб, кўп қаватли уй-жойларга хизмат кўрсатишни уларга бериш бўйича топшириқ берди.

Ушбу ҳудудларда 1,2 мингта кўп қаватли уй-жойда 50 мингта хонадон мавжуд. Ҳар бир вилоят ҳокими бошқарув компаниялари ишини қандай ташкил қилиши, 9 ойда ва йил якунига қадар кутилаётган натижалар бўйича ҳисобот беради.

Шерзод Хидоятов, Жаҳонгир Ортиқхўжаев, Даврон Хидоятов 1 августга қадар бошқарув-сервис компаниялари билан ишлаш бўйича Юнусобод тумани ва Чирчиқ шаҳрида «намунавий тажриба» яратади, танлаб олинган шаҳар ва туман ҳокимларининг қурилиш ва коммунал хизмат бўйича ўринбосарларини янги тизимда ишлашга ўқитади.