«Бектемир» ва «Салар» оқова сув тозалаш иншоотларига техник сувларни оқизиш натижасида Сергели туманида бадбўй ҳид таралиши ҳолати бўйича Тошкентдаги корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъул ходимига нисбатан маъмурий иш очилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Фарҳод Деҳқонов маълум қилди.

10 май куни «Газета.uz» «Тошкент шахар сув таъминоти»га таяниб, Сергели туманининг Ўзгариш маҳалласидан тарқалаётган ёқимсиз ҳиднинг асосий сабаби Салар тўйинтириш иншооти ва Бўзсув каналига турли корхона ва ташкилотлар томонидан оқова сувлар ва чиқиндиларнинг оқизилиши эканлиги ҳақида ёзган эди. Кейинроқ эса Сенат Ҳукумат қарори лойиҳаси билан Сергели туманида ёқимсиз ҳид тарқалишига сабабчи бўлган корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция қилиш ҳамда бешта чарм саноат корхонасини Тошкентдан ташқарига кўчириш режа қилинаётганини маълум бўлди.

Июнь бошида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев пойтахтдаги тозалаш иншоотларидан таралаётган бадбўй хид масаласи юзасидан йиғилиш ўтказиб, муаммони ўз назоратига олганини таъкидлаган эди.

Бизнес-омбудсман рухсати билан «Бектемир» ва «Салар» тозалаш иншоотларига чиқинди сувларни оқизаётган корхона ва ташкилотлар текширувдан ўтказилди. «Тошкент шаҳар сув таъминоти» 5 та тери заводи, 6 та тўқимачилик кохонаси ва бошқалардан иборат 18 та потенциал хавфли корхона рўйхатини тақдим этди.

Текширишлар натижасига кўра, корхона ва ташкилотларнинг 22 нафар масъул шахсига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддалари билан маъмурий иш қўзғатилди.

«Аниқланган камчиликларни бартараф этиш, корхоналарда локал оқова тозалаш тизимини ишга тушириш, уларни таъмирлаш ва самарали ишлашини таъминлаш юзасидан қисқа муддатда бажарилиши лозим бўлган мажбурий кўрсатмалар берилди», — дейилади Давлат экология қўмитаси хабарида.

Бектемир туманида жойлашган 9 та корхона томонидан берилган мажбурий кўрсатмалар ўз вақтида бажарилмаганлиги сабабли давлат экологик экспертизасининг белгиланган муддатдан олдин амал қилишини тўхтатиш ва шаҳар канализация тармоғидан узиш мақсадида Тошкент шаҳар иқтисодий судига даъво аризаси киритилган.

Қўмита маълумотларига кўра, «Салар» оқова сув тозалаш иншоотига ишлаб чиқариш оқова сувларини ташловчи 18 та корхонадан 11 тасида текширишлар амалга оширилган. Меъёр даражасида тозаланмаган оқова ташлаётган корхоналар фаолияти вақтинча тўхтатилди.

2020 йилнинг октябрида Ўзгидромет Тошкент шаҳри ва вилоятида Салар канали энг ифлослардан бири бўлиб қолаётганини маълум қилганди. Мутахассисларнинг фикрича, экологик вазиятни барқарорлаштириш ва канални тозалаб туриш учун унга катта ҳажмда сув етказиб берилганида доимий равишда санитария ишларини олиб бориш зарур.