Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев тозалаш иншоотларидан таралаётган ёқимсиз ҳидни йўқотиш юзасидан йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда пойтахт маъмурияти матбуот хизмати хабар қилди.

Йиғилишда маҳаллалар фуқаролари, маҳалла раислари, депутатлар, мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.

«Йиғилишда ҳар бир фуқаронинг ва маҳалла раисининг фикри эшитилганидан сўнг, шаҳар ҳокими томонидан муаммони бартараф этиш юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди», — дейилади хабарда.

Шу билан бир қаторда, маҳалла фуқаролари ва ташкилот раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳи шакллантирилиб, маҳалла фуқароларидан муаммони ҳал этилиши жараёнлари устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш белгиланди.

Ўтган ҳафта пойтахт ҳокимияти вакиллари кечки вақтларда Ўзгариш ва Нуғайқўрғон маҳаллаларида ёқимсиз ҳид тарқалишига сабаб бўлаётган «Тошкент шаҳар сув таъминоти» МЧЖга қарашли «Салар» тозалаш иншоотига ташриф буюрди. Муассаса Миробод, Сергели, Яккасарой, Мирзо Улуғбек, Чилонзор ва Янги ҳаёт туманларининг оқова сувларини тозалайди. Иншоот пойтахтдаги учта маиший чиқинди сув тозалаш иншоотларидан энг каттаси бўлиб, кунига 900 минг куб метргача сув тозалайди.

Иншоотга аҳоли ва корхоналар томонидан кириб келадиган оқова сувлар учун алоҳида қувурлар ётқизилган ва улар воситасида ёқимсиз ҳид айнан қаердан келаётганига аниқлик киритиш мумкин.

«Мутасаддиларнинг сўровига кўра, терини қайта ишлаш ва бошқа корхоналар томонидан иншоот оқизилаётган оқова сувларга эътибор қаратилди. Улардан кузатув пайтида оқова сувларни иншоотга йўналтириш сўралди ва вазият кузатувга олинди. Буни қарангки, шу пайтда иншоотга қоп-қора рангли ва ниҳоятда ёқимсиз ҳидли оқова сувлар келиб қўшилди. Бу тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини бевосита назорат қилишни тақозо қилади», — дейилади ҳокимият хабарида.

Қайд этилишича, чиқинди сувларни тозалаш жиҳозлари қиммат бўлиб, улар хориждан олиб келинади. Бундай маблағлар барча тадбиркорлик корхоналарида ҳам мавжуд эмас.

«Ҳукуматимизнинг бир қатор қарорларига кўра, тадбиркорлар фаолиятига аралашиш қатъиян маън қилинади. Шу боис, корхоналар ҳудудига кириб, чиқиндилар қай тарзда оқова сув тармоқларига оқизилаётганлиги билан бевосита танишиш мумкин эмас. Шу боис, баъзи тадбиркорлар масъулиятни унутиб, ўз билганларича иш тутишмоқда. Оқибатда атроф-муҳитга, аҳолига зарар етказиляпти», — дея маълум қилди ҳокимият.

Эслатиб ўтамиз, май ойида ўртасида ҳукумат қарори лойиҳаси билан Сергели туманида ёқимсиз ҳид тарқалишига сабабчи бўлган корхоналарнинг локал тозалаш иншоотларида реконструкция қилиш ҳамда бешта чарм саноат корхонасини Тошкентдан ташқарига кўчириш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берган эдик.