Сурхондарёлик блогер Отабек Сатторий иши бўйича апелляция шикояти ЖИБ Самарқанд вилояти судида кўриб чиқилади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Сатторийнинг адвокати Умидбек Давлатов маълум қилди.

Аввалига шикоятни ЖИБ Сурхондарё вилояти суди кўриб чиқиши лозим бўлган. Бироқ, блогернинг ҳимоячиси аризасига кўра, Олий суд раиси иш кўриладиган ҳудудни ўзгартириш масаласини ижобий ҳал қилиб берган.

«Апелляция шикоятини Сурхондарёдан бошқа вилоят ёки Тошкент шаҳрида кўриб чиқишни сўраб мурожаат қилдик. Олий суд раиси Самарқандга ўтказиш бўйича якуний хулосага келган», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, иш ҳужжатлари аллақачон Сурхондарё вилояти судидан Самарқандга юборилган. Бироқ, ҳозирча суд бўлиб ўтадиган сана ва вақти аниқ эмас.

Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Сурхондарё раҳбариятини танқид қилувчи блогер Отабек Сатторийга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани хабар қилинган эди.

Февралнинг биринчи ярмида Бош прокуратура сурхондарёлик блогер Отабек Сатторийнинг иши бўйича қонун бузилиши ҳолатлари аниқланмаганини маълум қилганди. Бундан ташқари, блогер устидан 7 та ҳолат бўйича мурожаатлар келиб тушгани айтилмоқда.

24 февраль куни Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а»,"б"бандлари ва 3-қисми «а» банди (товламачилик), 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми «а» банди (ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган эди.

4 майдаги суд мажлисида прокурор Сатторийни бештаси бўйича уни айбдор деб топишни ва 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди.

Бунга қадар, прокурор суддан Отабек Сатторийни бешта бандда айбдор деб топиб, 11 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Судланувчининг адвокати Умидбек Давлатов ўшанда ҳам айбловда кўрсатилган ҳолатларнинг ҳеч бири ўз исботини топмаганини айтганди.

10 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида блогер Отабек Сатторийга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди. У Жиноят кодексининг иккита моддаси билан оқланиб, туҳмат ва товламачилик моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилганди. Унга суд узил-кесил 6 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаган эди.