Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан блогер Отабек Сатторийга нисбатан қўзғатилган жиноят ишини тергов қилиш жараёнини якунлади, дея хабар қилди ИИВ Тергов департаменти матбуот хизмати.
Хабар қилинишича, Отабек Сатторий 2020 йилнинг июнь ойидан 2021 йилнинг январь ойига қадар бўлган вақт оралиғида фуқаролар: Исроил Х., Мастона А., Насиба Н., Тўхтамиш К., Ўткир Т., Ашур Х., Зокиржон Х., Лочин Т.нинг сир сақланиши лозим бўлган маълумотларини интернетда (Telegram, Facebook, YouTube орқали) ошкор қилиш билан қўрқитиб, уларнинг айримларидан моддий манфаат кўриб келгани аниқланган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари натижасига кўра, Сурхондарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан 2021 йилнинг 24 февраль куни Сатторий Отабек Абдуманонзодага Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми «а»,"Б" бандлари ва 3-қисми «а» банди (Товламачилик), 139-моддаси 3-қисми «а,г» бандлари (Туҳмат) ҳамда 140-моддаси 3-қисми «а» банди (Ҳақорат қилиш) билан аввалги айблов тўлдирилиб, шу куни дастлабки тергов тамомланган.
Ҳозирда жиноят иши юзасидан айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судловга ошириш учун Сурхондарё вилоят прокуратурасига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, 29 январь куни Отабек Сатторийга нисбатан Жиноят кодексининг 165-моддаси 1-қисми (товламачилик) билан жиноят иши қўзғатилган ва гумон қилинувчи тариқасида жалб қилиниб, процессуал тартибда ушлангани хабар қилинган эди.
Блогернинг адвокати Шавкат Шокиров «Газета.uz»га берган интервьюсида у ишни уйдирилган деб ҳисоблашини айтди.
Батафсил: Сурхондарёда блогер ҳибсга олинди. Адвокат иш уйдирилган деб ҳисобламоқда