2021 йилнинг 4 ойи давомида дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши билан боғлиқ 2014 та қонунбузилиш ҳолати аниқланди, дея маълум қилди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Озод Ражабов АОКАда ўтказилган брифингда.

«1313 та туп қимматли дарахт ноқонуний равишда кесилгани, 619 та туп дарахт шикастлантирилгани юзасидан ҳуқуқбузарларга нисбатан 2,5 млрд сўм маъмурий жарима белгиланиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар жами 4 млрд 988 млн сўм миқдорида ҳисобланди», — деди ва 113 та экоқоидабузарлик мансабдор шахслар томонидан содир этилганини қўшимча қилди у.

Матбуот котибининг таъкидлашича, мораторий давомида 5609 жисмоний ва юридик шахслар ўрмон фондига киритилмаган деярли 260 минг туп дарахт ва буталарни кесишга рухсат сўраган. Шу билан бирга, Давлат экология қўмитаси 182 мингдан ортиқ дарахтларни, жумладан 91 минг тупи қимматбаҳо турларни кесишга рухсат беришни рад этди, дея изоҳ берди Озод Ражабов.

Февраль бошида «Газета.uz» давлат ўрмон фонди таркибига кирмайдиган қимматбаҳо дарахт ва бута турларини кесишга мораторий 2021 йил 31 декабргача узайтирилгани ҳақида ёзган эди.