Пойтахтда ўтказилаётган «Беш ташаббус ҳаракати» доирасида сешанба куни бош вазир ўринбосари, туризм ва спорт вазири Aзиз Aбдуҳакимов ёшлар билан мулоқот қилди.

Унда иштирокчилардан бири вазирга юзланиб, тарихий йўналиш билан бир қаторда экотуризмни ривожлантириш орқали кўпроқ туристларнинг эътиборини тортиш имконияти борлигини маълум қилди.

Буни таклиф қилган Шаҳбоз Зариповнинг сўзларига кўра, бу мамлакатга қўшимча маблағларни жалб қилиш имконини беради.

«Яна бир таклифим бор. Сайёҳлар Самарқанддан Бухорогача бўлган йўлда саккизта туманни босиб ўтишади. У ерда сиз агротуризмни ривожлантиришингиз мумкин. Масалан, сайёҳларни узум йиғиш жараёнларида қатнашишга юборса бўлади. Бундай йўналишлар чет елларда бор», — деди Шаҳбоз, бу Ўзбекистонда ҳам оммалашиб кетишига ишонч билдириб.

Учинчи таклиф, ушбу йўналишга қизиққан хорижий олимларни жалб қилиш имконини берадиган илмий туризмни ривожлантириш ҳақида бўлди.

Бунга жавобан, туризм ва спорт вазири таклиф муаллифидан «Aгар биз сизни вазирликка ишга таклиф қилсак, рози бўласизми?», деб сўради ва таклифлар учун унга миннатдорлик билдирди. Шаҳбоз Зарипов эса туризм йўналишида фаолият юритиш орзуси эканлигини қайд этди.

Aзиз Aбдуҳакимов бу истиқболли йўналишлар экани ва берилган таклифларни 100 фоиз қўллаб-қувватлашини таъкидлади.