Аввалроқ, «Газета.uz» ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) ўзининг президент сайловига тааллуқли дастлабки миссиясини май ойи якунида юбориши кутилаётгани ҳақида ёзган эди.

24 май куни ДИИҲБнинг Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари — ДИИҲБнинг сайловлар бўйича катта маслаҳатчиси Алексей Громов ва бюронинг сайловлар бўйича маслаҳатчиси Мартина Баркер-Циганикова Тошкентга келди. Ташриф доирасида улар сайловларни ўтказишга масъул бўлган бир қатор ташкилотлар вакиллари билан учрашади.


Миссия аъзолари Алексей Громов ва Мартина Баркер-Циганикова. Фото: МСК матбуот хизмати.

Жумладан, ташрифнинг илк куни ЕХҲТ вакиллари Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев билан кўришган. Бу ҳақда «Газета.uz»га МСК матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот давомида экспертларга бюронинг 2019 йилги парламент сайловларини кузатиш бўйича миссияси якуний ҳисоботида тақдим этилган тавсияларнинг амалга оширилиши, шунингдек, жорий йилги сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнлари ҳақида маълумот берилган.

«Биз ҳамма жойда, барча мамлакатларнинг миллий сайловлари олдидан шу каби миссияларни амалга оширамиз. Жорий йилда шу каби тадбирларни Болгария, Арманистон ва Исландияда ўтказдик. Навбат Ўзбекистонга. Ушбу миссия дастлабки маълумотларни тўплайди ва шу асосда тайёрланган ҳисоботни интернетда эълон қилади. Миссиянинг асосий мақсади бўлажак президент сайловларини ДИИҲБ томонидан кузатишга зарурат бор ёки йўқлигини ўрганишдан иборат. Агар бунга зарурат бўлса, бўлажак кузги сайловларда миссияни айнан қайси форматда жойлаштириш кераклиги ҳақида ҳулоса берамиз», — деди миссия вакили Алексей Громов.

У шунингдек, ҳулоса бевосита бир қанча учрашувлар якуни бўйича томонлардан олинган маълумотлар асосида тайёрланишини маълум қилди.

«Ташрифимиз давомида сайловларга тайёргарлик жараёнларига жавобгар бўлган кўплаб вазирлик ва давлат идоралари, шунингдек, сиёсий партиялар, фуқаролик ҳамжамияти ҳамда ОАВ вакиллари билан учрашамиз. Биз суҳбатдошларимиз тақдим этган маълумотлар асосида Ўзбекистоннинг бўлажак кузатувлардаги эҳтиёжлари ҳақида ҳулоса қиламиз», — дея таъкидлади Громов.


Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев (марказда). Фото: МСК матбуот хизмати.

Миссия аъзосининг қўшимча қилишича, МСК вакиллари учрашувда сайлов қонунчилигига яқинда киритилган ўзгартиришлар, қолаверса, октябрдаги сайловлар арафасида ўтказилиши кўзда тутилган тадбирлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берган.

Учрашувда шунингдек, бюронинг якуний ҳисоботида ўз аксини топган тавсияларнинг мақбуллари Ўзбекистон сайлов қонунчилиги ва амалиётига имплементация қилингани, сайловларга оид миллий ҳуқуқий база такомиллаштирилгани қайд этилган.

Қолаверса, шу кунларда сайлов комиссиялари аъзоларининг малакаси ва амалий кўникмаларини оширишга қаратилган семинар-тренинглар ташкил этилгани, бунда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани таъкидланган.

Маълумот ўрнида, ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси томонидан баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади. Сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослигидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.