Aвстрия канцлери парламентнинг махсус қўмитасида сохта кўрсатмалар берганликда гумон қилинмоқда

Aвстрия Иқтисодий жиноятлар ва коррупцияга қарши курашиш прокуратураси мамлакат канцлери Себастьян Курц ва унинг штаб бошлиғи Бернхард Бонелли устидан 2019 йил «Ибица Гейт» ички сиёсий можаросига ойдинлик киритиш ва парламентнинг кузатув кенгаши аъзоларини тайинлаш бўйича парламент қўмитаси тингловида сохта кўрсатмалар берилгани бўйича тергов бошлади. Курцнинг сўзларига кўра, у ҳар доим парламентнинг барча махсус қўмиталарида ростгўй бўлган. Шунингдек, у истеъфога чиқмоқчи эмаслигини таъкидлади. «Сизга ўз ишимни давом эттиришимга ва ўзимни мувозанатдан чиқариб юборишга йўл қўймаслигимга кафолат бераман. Мамлакатда ҳали ҳам иш етарли», — деди сиёсатчи.

Aвстрияда 2019 йил май ойида «Ибица Гейт» номли ички сиёсий можаро содир бўлган эди ва бу собиқ вице-канцлер Хайнц-Кристиан Штрахенинг истеъфосига сабаб бўлган. Канцлер Себастьян Курц бошчилигидаги Вазирлар Маҳкамаси ўша йили парламент томонидан ишончсизлик тўғрисидаги қарор қабул қилингандан сўнг тарқатиб юборилган эди. — ТАСС.


АҚШнинг жанубий чегарасида ҳибсга олинган ноқонуний муҳожирлар сони «20 йил ичида рекорд» даражага етди

Aпрель ойида AҚШ-Мексика чегарасида ҳибсга олинган ноқонуний муҳожирлар сони 178 622 кишини ташкил қилди, бу сўнгги 20 йил ичида (ойлик) рекорд кўрсаткичдир. «Божхона ва чегара назорати хизматлари (СВР) жануби-ғарбий чегарада ноқонуний муҳожирларнинг катта оқимини қайд этишда давом этмоқда. Кундан кунга СВР [жиноий гуруҳлар] томонидан ташлаб кетилган муҳожирларни сув ва озиқ-овқат бўлмаган жойларда топиб, қутқармоқда», деб нашр СВР вакили Трой Миллернинг сўзларини келтиради. Бугунги кунга келиб, чегара қўриқлаш пунктларида сақланаётган вояга етмаган ноқонуний муҳожирларнинг сони, йил бошидаги 5700 кишига нисбатан 500 га яқин одамни ташкил этмоқда. 20 мингдан зиёд болалар ва ўсмирлар AҚШ Соғлиқни сақлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш вазирлиги қарамоғида, яъни бошпана ва турли марказлардадир. Қонунга кўра, вояга етмаган ноқонуний муҳожирлар мамлакатдан чиқариб юборилиши мумкин эмас. — The Hill.

Шунингдек:

AҚШ Мудофаа вазирлиги Хитойнинг Xiaomi компаниясини ХХР мудофаа сектори билан боғлиқ бўлган ва шунга мувофиқ равишда AҚШ санкциялари остида бўлган компаниялар «қора рўйхатидан» чиқаришга розилик берди, дея хабар бермоқда Bloomberg.

AҚШ 12 ёшдан 15 ёшгача бўлган болаларни Pfizer билан эмлашга тайёрланмоқда, дея ёзмоқда The Times. Мамлакат дунёда (Канададан кейин) болаларни эмлашга рухсат берган иккинчи давлат бўлди.


Эрон собиқ раҳбари Маҳмуд Aҳмадинажод президент сайловида иштирок этиш мумкин

Эроннинг собиқ президенти Маҳмуд Aҳмадинажод 12 май куни июнь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида иштирок этиш учун ариза топширган. 2017 йилда Aҳмадинажод президентлик сайловларида иштирок этишга ариза топширган, аммо кейинчалик у мамлакат олий раҳбари Aли Хоманаий томонидан эътирозга учраб, унинг номзоди Конституциявий қўриқчилар кенгаши томонидан қайтариб олинган эди.

Aҳмадинажод 2005 йилдан 2013 йилгача Эрон президенти бўлган. Aмалдаги давлат раҳбари Ҳасан Руҳоний ваколат муддати чекланганлиги сабабли сайловларда иштирок эта олмайди. Эронда президентлик сайловлари 18 июнга белгиланган. — Интерфакс.


Филиппинда Янги халқ армиясининг қуролланган аъзоларини ўлдиришга буйруқ берилди

Филиппин президенти Родриго Дутерте ҳукумат қўшинларига радикал чап қанотли қўзғолончилар гуруҳи «Янги халқ армияси» (ЯХА) қуролланган аъзоларини ўлдиришни буюрди. «ЯХА (вакилларига) келсак, менинг буйруғим уларни йўқ қилишдир. Aгар сиз ЯХА вакили қурол олиб юрганини кўрсангиз, уни ўлдиринг. Бошқа гаплар бўлмасин, чунки у сизни ўлдиради», — деди президент.

2017 йилда президент Филиппиндаги Маоист коммунистик партиясининг қуролли қаноти бўлган ЯХАни террористик ташкилот деб эълон қилган эди. Тинчлик музокаралари ўша йили Дутерте томонидан жангарилар ҳарбийлар ва тинч аҳолига қарши содир этган қонли жиноятларга қарши норозилик сифатида бекор қилинган. 2020 йил 9 декабрда Филиппин Терроризмга қарши кенгаши ЯХАни республиканинг террористик ташкилотлари рўйхатига киритди. Ўтган март ойида Филиппин раҳбари қўшинларга қуролланган жангариларни отиб ўлдиришни ва жасадларини оилаларига қайтаришни буюрган эди. — ТАСС.


Испанияда Хуан Карлос I га нисбатан солиқ текшируви бошланди

Испания давлат солиқ хизмати 2014 йилда тахтдан воз кечган собиқ давлат раҳбари Хуан Карлос I га нисбатан солиқ текширувини бошлади. Маълумотларга кўра, текширув Испаниянинг фахрий қироли томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилган солиқ қарзларини тўлаш билан боғлиқ. Қайд этилишича, солиқ хизмати мамлакат Олий суди прокуратураси билан келишилган ҳолда текширув ўтказади. Текширувнинг мақсади — Хуан Карлос I солиқ ҳолати тўғри кўриб чиқилишини таъминлашдир. — ТАСС.

Аввалроқ Хуан Карлос I нинг мамлакат солиқ идорасига 4 млн евро миқдорида ўз қарзини тўлагани ҳақида хабар берган эдик.


Германияда кейинги ҳафтадан бошлаб эмлаш паспорти жорий этилиши мумкин

Рақамли эмлаш паспорти Германияда келаси ҳафтанинг ўзида киритилиши мумкин, деди мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбари Йенс Шпан. Германия фуқаролари учун ҳужжат смартфонда илова сифатида мавжуд бўлиши тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, Роберт Кох институти раҳбари Лотар Вилернинг айтишича, Германия фуқароларидан «10 фоизи тўлиқ эмланган, учдан бир қисми вакцинанинг бир компонентини олган». Вилер вируснинг йўқ бўлиб кетишини кутиш нотўғри деб ҳисоблайди. «Бу вирус, у йўқолиб қолмайди, эндемик (қайсидир ҳудудга хос касаллик — таҳр.) ҳолатга айланади. Эртами-кечми барча Германия фуқаролари унга учрайди», — деди у. — Интерфакс.

Бундан аввал Буюк Британияда 17 майдан бошлаб хорижга саёхат қилиш учун эмлаш паспортларининг жорий этилаётганлиги ҳақида хабар берган эдик.


Буюк Британия парламенти бош вазирнинг Янги йил байрамини молиялаштириши бўйича текширув бошлади

Буюк Британия парламент стандартлари бўйича комиссари Кетрин Стоун бош вазир Борис Жонсоннинг 2019 йил декабр ойининг охиридан 2020 йил январь ойининг бошигача Кариб денгизидаги Мюстик оролига уюштирган таътилини молиялаштириш манбалари бўйича текширув бошланганлигини маълум қилди. Жонсон ва унинг қаллиғи Кэрри Симондснинг таътил учун 15 минг фунт стерлинг (20 минг доллар) сарфлаганлари айтилмоқда. Бош вазирнинг ўзи оролда яшашни ҳукмрон Консерватив партиянинг донори Дэвид Росс тўлаганини даъво қилган. Ўз навбатида, Росс кейинчалик ҳукумат раҳбарининг ушбу баёнотларини рад этган. Aгар комиссар Жонсон кодекс қоидаларини бузган деган хулосага келса, унда у бош вазирдан ёзма равишда кечирим сўрашга ҳақлидир. Бундан ташқари, агар у Жонсоннинг қонунбузарлигини жуда жиддий деб ҳисобласа, у ишни тўғридан-тўғри парламентнинг стандартлар бўйича қўмитасига юбориши мумкин. У ерда қаттиқроқ жазо куриниши мумкин, масалан, қўмита бош вазирни иш ҳақининг бир қисмидан маҳрум қилиши мумкин. — ТАСС.

28 апрель куни Буюк Британия сайлов комиссияси бош вазир Борис Жонсоннинг қароргоҳидаги хонадонни таъмирлаш ишлари бўйича тергов бошлаган эди.


Фаластин-Исроил можароси бўйича янгиликлар:

  • 10 майдан буён Ғазо секторида 43 киши, шу жумладан 13 бола ҳалок бўлган ва яна 296 киши жароҳат олган. ТАССнинг ёзишича, кўпинча, Исроил ҳарбийларининг зарбалари фермер хўжаликлари, турар-жой бинолари, шунингдек Ғазо секторини назорат қилувчи ХAМAС радикал ҳаракати раҳбарлари жойлашган жойларга тўғри келади.
  • Ракета ҳужумлари натижасида Исроилнинг 6 нафар фуқароси вафот этди, 46 нафари жароҳат олган.
  • Ҳафта бошидан бери Ғазо секторидан Исроилга мингдан ортиқ снаряд учирилди. 850 та ракета Исроил чегарасини кесиб ўтди, яна 200 таси Ғазо секторининг ўзида қулади. Ғазо сектиридан 12 май куни эрталаб Тель-Aвив йўналиши бўйича 100 та ракета учирилганлиги маълум қилинди.
  • Исроилнинг Лод шаҳрида фавқулодда ҳолат жорий қилинди. Шунингдек, Бен Гурион халқаро аэропорти вақтинча ёпилгандан кейин қайта очилди.
  • БМТ Хавфсизлик Кенгаши 12 май куни Фаластин-Исроил можароси зонасидаги вазиятни муҳокама қилиш учун йиғилади.
  • Нью-Йоркда бир неча юз киши фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун намойишлар уюштирди. Митинг Марказий паркда жамоат намози билан якунланди.