Буюк Британия бош вазирига қарши тергов бошланди

Буюк Британия сайлов комиссияси бош вазир Борис Жонсоннинг қароргоҳидаги хонадонни таъмирлаш ишлари бўйича тергов бошлади. Борис Жонсон Даунинг-стритдаги ҳукумат қароргоҳидаги баъзи қимматга қилинган таъмирлаш ишларини Консерватив партиянинг доноридан 58 минг фунт стерлинг миқдорида шахсий хайрия маблағлари билан тўлашда айбланмоқда. Бош вазир бу сарфни декларация қилмаган. Жонсоннинг таъкидлашича, барча таъмирлаш харажатларини ўз ҳисобидан тўлаган (бош вазир йиллига 42 минг фунт стерлинг маош олади). Британия ОАВнинг ёзишича, хонадонни жиҳозлаш сиёсатчига 200 минг фунт стерлингга тушган. Расман ҳукумат раҳбари яшайдиган хонадонни таъмирлаш учун 30 минг фунт стерлинг ажратилади. Буюк Британияда катта миқдордаги хайрияларни декларация қилмаслик жиддий қоидабузарлик ҳисобланади. — Газета.uz


АҚШда ижтимоий секторни қўллаб-қувватлаш учуш 1,8 трлн долларлик дастур қабул қилинди

AҚШ президенти Жо Байден америкалик оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган 1,8 трлн долларлик янги дастурни тақдим этди. Дастур доирасида 10 йил давомида 1 трлн доллар сарфланади, шунингдек, 800 млрд долларлик солиқ имтиёзлари берилади. Маблағлар таълим соҳасига, кам ёки ўрта даромадли оилаларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилади. Дастурни молияштириш, Байденнинг таъкидлашича, бой америкаликлар учун даромад солиғи ставкасини 37 фоиздан 39,6 фоизгача ошириш орқали амалга оширилади. Бундан ташқари, президент 1 млн доллардан кўпроқ пул топадиган одамлар учун капиталдан олинадиган фойда ва дивидендлар бўйича солиқларни деярли икки баравар — 20 фоиздан 39,6 фоизгача оширишни таклиф қилмоқда. Шундай қилиб, бой АҚШ фуқаролари учун солиқ ставкаси 43,4 фоизга етади (ҳозирда бу 23,8%). Байденнинг режасида, шунингдек, кам ва ўрта даромадли одамлар учун солиқ имтиёзлари, шу жумладан айрим солиқ имтиёзларини доимий равишда узайтириш кўзда тутилган. — Интерфакс.

Март ойида AҚШда иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича 1,9 трлн долларлик дастурнинг қабул қилинганлиги ҳақида хабар берган эдик.


Aрманистонда турк товарларини сотишга қўйилган тақиқ узайтирилади

Aрманистон ҳукумати турк товарларини мамлакатга олиб кириш тақиқини узайтириш ҳамда уларни сотишни тақиқлашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда мамлакат иқтисодиёт вазири вазифасини бажарувчи Ваган Керобян сўзларига таяниб ТАСС хабар бермоқда. «Биз турк товарларини мамлакатга олиб кириш ҳамда уларни сотишга қўйилган тақиқни узайтирмоқчимиз, чунки улар қандайдир айланма йўллар билан олиб келинмоқда ва сотилмоқда», деди у. Чекловларнинг амал қилиш муддати кўрсатилмади. Aрманистонда турк товарлари импортига олти ойлик тақиқ 2020 йилнинг декабр ойи охирида қўйилган эди. ТАССнинг ёзишича, тегишли қарор республика ҳукумати томонидан қабул қилинган ва Туркияни Тоғли Қорабоғ можаросига аралашиши билан изоҳланган. — ТАСС.

Арманистонга тегишли хабар: Aрманистон бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Озарбайжон арман ҳарбий асирлари ва бошқа ҳибсга олинганларни қайтариш бўйича мажбуриятларини бажармаётганини айтиб ўтди. Бир неча ой давомида мамлакат Озарбайжондан барча асирлар ва ҳибсга олинганларни қайтариб олишга ҳаракат қилаётгани таъкидланди.


Хитой орбитал станциясининг асосий модули орбитага чиқарилди

«Чанчжэн-5В» оғир ракетаси 29 апрель куни Хитой орбитал станциясининг «Тяньхэ» база модулини паст Ер орбитасига муваффақиятли учирди. Бошқарув маркази, яшаш хонаси ва ҳаво шлюзи билан жиҳозланган бош модулнинг орбитага чиқарилиши — орбитал станцияни яратишда биринчи босқичдир, дея таъкидланди. Маълум қилинишича, станциянинг қурилишини якунлаш учун 11 та учириш ва бир йилдан сал кўпроқ вақт талаб этилади. 2022 йилда қурилиши тугагандан сўнг станциянинг умумий оғирлиги 100 тоннани ташкил этади ва Халқаро космик станциядан (ХКС) бир неча баравар кичикроқ бўлади. Хитой станцияси доимий равишда учта фазогирни қабул қилиш имкониятига эга бўлади. — Интерфакс.

12 апрель куни Россияда ўз космик станциясини яратиш ва Халқаро космик станциядан воз кечиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Маълумотларга кўра, Россия ХКСни 2025 йилдан кейин тарк этади.


Колумбиядаги намойишлар пайтида 40 дан ортиқ полиция ходими жароҳат олди

Фото: twitter.com/VickyDavilaH

28 апрель куни Колумбия бўйлаб солиқ ислоҳотларига қарши намойишлар бўлиб ўтди. Митинг пайтида камида 42 полиция ходими турли даражадаги тан жароҳати олгани ҳақида Колумбия ички ишлари вазири Даниэль Паласиос айтиб ўтди. Вазир шунингдек, 40 кишининг ҳибсга олингани ҳақида маълум қилди. — Даниэль Паласиоснинг Twitter’даги саҳифаси.


Мьянмадаги иккита авиабазага ҳужум уюштирилди

Мьянмадаги иккита авиабазага 29 апрель куни эрта тонгда ҳужум уюштирилди. ТАССнинг Reuters’га таяниб ёзишича, учта портлаш аввал мамлакатнинг марказий қисмидаги Магуэ шаҳри яқинида жойлашган авиабазада содир бўлган. Иккинчи ҳужум Магуэдан шимоли-шарқдаги Мейтхила шаҳридаги авиабазада содир бўлди. Маълумотларга кўра, базага бешта ракета учирилган. Вафот этганлар ва ярадорлар ҳақида маълумот йўқ. Aйни пайтда содир бўлган воқеа учун ҳеч ким жавобгарликни ўз зиммасига олмаганлиги таъкидланган. — ТАСС.

1 февраль куни Мьянмада ҳарбийлар ҳукумат раҳбарлари ҳибсга олингани ва мамлакатда бир йилга фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақида эълон қилган эди.

21 апрель ҳолатига кўра 739 киши, шу қаторда болалар намойишлар пайтида вафот этди. Ҳукуматга қарши ҳаракатнинг 3,3 мингдан ортиқ иштирокчилари ҳибсга олинган, улардан 76 нафари қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 1059 намойишчини ҳибсга олиш тўғрисида ордер берилган.


Шунингдек:

  • Тожикистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара ҳудудида низоли вазият юзага келиб, иккала томон маҳаллий аҳолиси бир-бирига тош отди. Умумий 11 киши жароҳатлангани айтилмоқда. Томонлар низо келиб чиқишида бир-бирларини айблашмоқда. Қирғизистоннинг 3 та қишлоғида фавқулодда ҳолат жорий этилди.
  • Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида «президент имижини бузмаслик» учун дўконлар олдида одамларнинг йиғилиши тақиқлангани айтилмоқда. Маҳаллий аҳоли дўконда 4 кишидан кўпроқ одам тўпланса, полиция ҳибсга олиш билан таҳдид қилаётганлигини таъкидламоқда.