Аввалроқ, президентнинг 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармони қабул қилингани ҳақида ёзган эдик.

Мазкур ҳужжатда шунингдек, ахборот технологияларини қўллаган ҳолда 2021 йил 1 ноябрга қадар бепул тиббий ёрдам олиш ҳуқуқини берувчи ордер бериш тизими жорий этилиши ҳам келтирилганди.

Бунда қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • эҳтиёжманд оилаларни «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига мувофиқ аниқланиши;
  • имтиёзли тоифадаги шахслар учун давлат бюджети маблағлари ҳисобидан даволанадиган касалликлар рўйхати, тиббий хизматлар ҳажми ва тиббиёт муассасасининг даражаларини ССВ томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланиши;
  • имтиёзли тоифадаги шахсларга давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар ҳажми, тури ва касалликлар рўйхатидан ташқари кўрсатиладиган тиббий ва бошқа ёрдамлар қўшимча ҳисобланиши ҳамда улар томонидан белгиланган тартибда ҳақ тўланиши.

Молия вазирлиги республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказларида бепул даволанишга ордерлар бериш учун Ўзбекистон президенти топшириқларига асосан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тадбирлари учун бюджет параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобидан 2021 йилда ССВга қўшимча 80 миллиард сўм маблағ ажратади.

Бунга қадар, республика тиббиёт муассасалари раҳбарлар ва мутахассислари оғир шароитли туманларга шартнома асосида бориб ишлаши, қолаверса, ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турига киритилгани ҳақида ёзган эдик.