Республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ва клиникаларнинг малакали раҳбар ва мутахассислари шартнома асосида муайян муддатга оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларида ишлайди. Уларнинг асосий иш жойидаги ойлиги сақланиб қолади ҳамда туман тиббиёт бирлашмасидаги лавозимидан ҳам маош олади.

Бу президентнинг 5 майдаги «Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида"ги фармонида ўз аксини топган.

Ҳужжат билан эҳтиёж мавжуд бўлган оғир шароитли туман (шаҳар)лар тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари лавозимларига республика ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари, уларнинг филиаллари, олий тиббиёт таълим муассасалари, улар ҳузуридаги клиникаларнинг малакали раҳбар ходимлари ва мутахассислари шартнома асосида муайян муддатга жалб қилинади. Бу борада ССВ, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан билдирилган таклиф маъқулланган.

Уларнинг асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи миқдорини сақлаган ҳолда, улар жалб қилинган тиббиёт бирлашмаси раҳбари лавозимидаги ойлик иш ҳақини тўлиқ тўлаб берилади. Ушбу харажатлар ва уларнинг уй-жой ижараси тўловлари Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети ва вилоятлар маҳаллий бюджетлари маблағлари ҳисобидан қоплаб берилади.

Бундан ташқари, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда «тиббиёт бригадалари» фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига янада сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини кенгайтириш учун 2021 йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходимлари штатлари ажратилади.

ССВ, Молия вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги биргаликда 2021 йил 1 июнга қадар уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлайди.

Фармонда шунингдек, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва етакчи хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда, 2021 йил 1 августга қадар ўрта тиббиёт ходимлари мақомини ошириш назарда тутилмоқда.

Бунда ходимларнинг малака талаблари, вазифалари, ваколатлари, жавобгарлиги, ихтисослик йўналишларини кенгайтириш, лавозимларини, шунингдек, ўқув дастурлари ва режаларини тўлиқ қайта кўриб чиққан ҳолда, ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизими такомиллаштирилади. Тизим 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб тўлиқ жорий қилинади.

Марказий туман (шаҳар) шифохоналарининг давлат бюджетидан молиялаштириладиган амалдаги койкалар фондининг 10 фоизи 2022 йил 1 январдан бошлаб, яна қўшимча 10 фоизи 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлов асосида тиббий хизматлар кўрсатиш учун ажратилади.

Бундан бўшайдиган давлат бюджети маблағлари туман (шаҳар) шифохоналарининг дори воситалари, реактивлар ва тиббиёт ускуналари таъминотини яхшилашга ҳамда вилоят тиббиёт муассасаларида қўшимча койка фондини ташкил этишга йўналтирилади.

ССВ ва Молия вазирлиги 2021 йил 1 октябрга қадар 2022 йил учун, 2022 йил 1 октябрга қадар эса 2023 йил учун ҳар бир туман (шаҳар) шифохоналари кесимида бўшайдиган маблағлар ҳажмини ва уларни ишлатиш йўналишларини белгилаб беради.