2021 йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритилади.

Бу давлат раҳбари томонидан 5 майда имзо чекилган тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга оид фармонида қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳамширалик иши фаолиятини амалга оширувчиларга ўзини ўзи банд қилган шахслар учун ўрнатилган тартиб билан бир қаторда бир қанча талаблар ҳам қўйилмоқда.

Унга мувофиқ, ҳамширалик иши фаолиятини фақат ўрта тиббий ёки олий ҳамширалик иши йўналиши бўйича олий маълумотга эга ССВнинг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар амалга ошириши мумкин.

Қолаверса, тиббий муолажалар 2021/2022 ўқув йилидан жорий этиладиган ўрта тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимига мувофиқ бажарилиши керак.

Ҳамширалик иши фаолияти билан шуғулланаётган шахс белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб бориши ҳам лозим бўлади.

Ўрта тиббиёт ходимлари томонидан ўзини ўзи банд қилган ҳолда ҳамширалик иши фаолиятини амалга ошириш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир ой муддатда тасдиқланади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 5 май санасида ўтказилган видеоселектор йиғилишида президент ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилинишини маълум қилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 декабрдаги қарори билан ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида фаолиятни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомҳам тасдиқланган эди.

Маълумот ўрнида, ўзини ўзи банд қилган шахслар ижтимоий солиқни ихтиёрий равишда тўлашлари мумкин. Улар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъи назар, БҲМнинг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди.