3 май куни «ACWA Power», Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ўртасида шамол энергетикаси лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида битим имзоланди. Мазкур лойиҳа Қорақалпоғистонда 1500 МВт қувватга эга шамол энергетикасини лойиҳалаштириш, қуриш ва эксплуатация қилишни ўз ичига олади, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Вазирлик баёнотига кўра, мазкур иншоот фойдаланишга топширилгандан сўнг Марказий Осиё минтақаси ва дунёдаги энг йирик шамол электр станциясига айланиши кутилмоқда.

«Энергия ишлаб чиқарувчи сифатида биз Ўзбекистонда кам углеродли иқтисодиётга ўтишда Яқин Шарқ ва айниқса Саудия ҳамкорларимиздан кўп нарсаларни ўрганмоқдамиз. „ACWA Power“ лойиҳаси ушбу жараёнга катта ҳисса қўшади. Бизнинг режамиз 2030 йилга бориб электр энергиямизнинг 25 фоизини қайта тикланувчи энергия манбаларидан ишлаб чиқаришдир», — деди Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Ходжаев.

Маълумотга кўра, мазкур лойиҳа тахминан 4 млн хонадоннинг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини қондириши ва йилига тахминан 2,5 млн тонна карбонат ангидрид газини қоплаши кутилмоқда.

«АCWА Power» компанияси шунингдек, Бухоро ва Навоий вилоятларида йил бошида тузилган умумий ишлаб чиқариш қуввати 1000 МВт бўлган иккита шамол энергетикаси лойиҳасининг инвестори ҳисобланади. Бу борада электр энергиясини сотиб олиш бўйича шартномалар (PPA) ва инвестиция шартномалари имзоланган. Бундан ташқари, Саудия компанияси Сирдарёда умумий қуввати 1500 МВт га тенг бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда.

Бундан аввал, БААнинг «Masdar» компанияси Зарафшонда шамол электр станциясини қуришни бошлагани ҳақида хабар берган эдик. 2024 йилнинг охиригача фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур станция 1,5 млн хонадонга етарли ҳажмда электр энергияни ишлаб чиқариши кўзда тутилган.