Арабистонлик мутахассислар Сирдарё вилоятидаги техникум негизида энергетика соҳасида кадрлар тайёрлаш бўйича коллеж ташкил этмоқда. Айни пайтда улар вилоятда янги буғ-газ қурилмаларни қуриш устида иш олиб боришмоқда. Шунингдек, улар Навоий вилоятида шамол электр станциясини қурмоқчи. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги ахборот хизмати хабар бермоқда.

7 февраль куни энергетика вазири Алишер Султонов ACWA Power компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунаян бошчилигидаги Саудия Арабистони делегацияси билан музокаралар ўтказди.

Энергетика вазирлиги томонидан ACWA Power компанияси билан биргаликда Сирдарё вилоятида умумий қуввати 1250 МВт га тенг иккита буғ-газ қурилмасини (БГҚ) барпо этиш бўйича лойиҳа амалга оширилмоқда. Томонлар ўртасида 2019 йил 20−21 сентябрда Тошкентда бўлиб ўтган Энергетика инвестициявий форуми доирасида лойиҳани амалга оширишнинг асосий шартлари тўғрисидаги битим имзоланганди.

Фото: Энергетика вазирлиги ахборот хизмати.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон президентининг Сирдарё ИЭС ёнида ҳар бирининг иккита буғ-газ қурилмаси бўлган иккита электр станцияни, ҳар бирининг қуввати 650−700 МВт бўлган жами тўртта БГҚ, қуриш тўғрисидаги топшириғига мувофиқ амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасида AСWA Power қиймати 1 миллиард долларга тенг тўғридан тўғри инвестициялар ҳисобига иккита БГҚни лойиҳалаштириш, етказиб бериш ва қурилишини таъминлайди.

Бунда инвестор томонидан фойдали иш коэффиценти 60 фоиздан юқори бўлган БГҚнинг энг сўнгги моделларидан фойдаланилади, улар йилига 10 миллиард кВт.с га яқин электр энергияни ишлаб чиқаради.

Буғ-газ қурилмаларини жойлаштириш учун Энергетика вазирлиги Сирдарё вилояти ҳокимлиги ва Халқаро молия корпорацияси томонидан Боёвут туманида ва Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида майдончалар аниқланган. Ҳозирги пайтда инвестициявий битим ва электр энергияни харид қилиш тўғрисидаги битим лойиҳалари якунланиш босқичида муҳокама қилинмоқда.

Айни пайтда, ACWA Power билан бирга Навоий вилоятида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуввати 500 МВт га тенг шамол электр станциясини қуриш бўйича битимни имзолашга доир тадбирлар амалга оширилмоқда.

Лойиҳадаги объектлари 2022 йилда ишга туширилиши мўлжалланмоқда. Мазкур лойиҳа бўйича қурилиш учун салоҳиятли майдончаларни аниқлашга оид ва бошқа зарур тадбирлар амалга оширилмоқда.