Бирлашган Араб Амирликларининг «Masdar» компанияси Ўзбекистонда биринчи шамол электр станциясини қуришни бошлади. Мазкур станция Навоий вилоятининг Зарафшон туманида жойлашади, дея хабар бермоқда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

«Masdar» компанияси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ўртасида қурилаётган электр станциясининг лойиҳавий қувватини 500 МВтдан 1,5 ГВтгача ошириш бўйича битим имзоланди.


Дастлаб 600 млн долларга баҳоланган лойиҳа кенгайтирилгандан сўнг қарийб 1,8 млрд доллар миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиши кутилмоқда.

Маълумотга кўра, лойиҳа қувватининг 1,5 ГВтга оширилиши келгусида Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган шамол электр энергияси миқдорини 3 ГВтга етказиш ва муқобил энергия манбаларининг мамлакат умумий энергия балансидаги улушини 26 фоизга етказиш мақсадларига эришишга имкон беради.

Зарафшон туманидаги мазкур шамол электр станцияси 2024 йилнинг охиригача тижорий фойдаланишга топширилиши режалаштирилмоқда.


500 МВт қувватга эга лойиҳа 500 мингта хонадонга етарли ҳажмда электр энергияни ишлаб чиқаришни ва атмосферага чиқариладиган карбонат ангидрид чиқиндиларини йилига 1,1 млн тоннага камайтиришни таъминлаб бериши кўзда тутилган эди.

Эндиликда бу рақамлар мос равишда 1,5 млн хонадонга кўпайиб, карбонат ангидрид чиқиндилари 3,3 млн тоннага қисқартирилади, дейилади хабарда.

«Masdar» Абу-Даби Ҳукуматининг «Мубадала Investment Company» инвестициявий холдинг шўъба компанияси ва дунёнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқарувчи етакчи халқаро компанияларидан бири ҳисобланади. Компания томонидан амалга оширилган инвестиция лойиҳалари портфели қайта тикланадиган манбалардан 4000 МВтдан кўпроқ электр энергияни ишлаб чиқариш учун ўрнатилган ускуналарни ўз ичига олади. Бугунги кунда «Masdar» 30 дан ортиқ мамлакатларда фаолият кўрсатади.