Қирғизистон ва Тожикистон расмийлари ўзларининг ҳарбий қисмларини чегарадан олиб чиқиш жараёнини якунладилар, деб 24.kg нашри Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизматига таяниб хабар берди.

Ўтган тунда чегарада ҳеч қандай тўқнашув ёки отишма қайд этилмади. Чегарачилар бутун қирғиз-тожик давлат чегара линияси бўйлаб патруль қилишмоқда.

Тўқнашув натижасида 179 қирғизистонлик тиббий ёрдамга мурожаат қилган, 34 киши вафот этган, улар орасида бола ҳам бор. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, Қирғизистон чегарасидаги қишлоқларда 78 та уй, иккита мактаб, фельдшер ва акушерлик пункти, болалар боғчаси, милиция участкаси, учта назорат пункти, ўнта ёқилғи қуйиш шохобчаси ва саккизта дўкон бузилган.

Қирғиз-тожик чегарасидаги тўқнашув фактлари бўйича Қирғизистон Бош прокуратураси Жиноят кодексининг «Тинчликка қарши жиноят» моддаси бўйича судгача бўлган ишларни бошлади. 1−2 май кунлари мамлакатда мотам кунлари бўлди.

Тожикистоннинг Сомониён қишлоғидаги вайрон бўлган уй / Asia Plus

Тожикистон ҳукумати жароҳатланганлар, вафот этганлар ва вайрон бўлган объектлар сонини ошкор қилмаяпти, деб ёзади Asia Plus. Норасмий маълумотларга кўра, Сомониён ва Хўжа Аъло қишлоқларида 20 дан ортиқ уйлар тўлиқ ёниб кетган, 100 дан ортиқ одам жабрланган, 16 киши вафот этган.