Арманистон бош вазири Никол Пашинян муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш учун 25 апрель куни истеъфога чиқди. Сиёсатчининг таъкидлашича, бу вақт давомида у Вазирлар Маҳкамаси раҳбари вазифасини бажаришда давом этади, деб хабар берди ТАСС.

«Президент ва сиёсий кучлар билан келишувга биноан мен бугун 20 июнь куни муддатидан олдин парламент сайловларини ўтказиш учун истеъфога чиқаман. Парламент кетма-кет икки марта янги бош вазирни сайламайди, шундан сўнг қонун чиқарувчи ҳокимият қонун кучи билан тарқатиб юборилади ва муддатидан олдин сайловлар тайинланади», — деди у.

Шу билан бирга, Никол Пашинян вақтинчалик вазифани бажарувчи мақомига қарамай, у кабинет раҳбари ваколатларини тўлиқ бажаришда давом этишини таъкидлади. «Муддатидан олдин ўтказиладиган сайловгача мен Конституция ва қонунларга мувофиқ бош вазирнинг вазифаларини тўлиқ бажараман», — деди у.

Унинг ортидан, техник процедура доирасида ҳукумат ҳам истеъфога чиқди.

Вазирлар Маҳкамаси раҳбари муддатидан олдин парламент сайловларида «Гражданский договор» партиясидан ҳукумат раҳбари лавозимига номзод сифатида қатнашишини қўшимча қилди.

18 март куни Никол Пашинян республика президенти Армен Саркисян ва учта парламент фракциялари раҳбарлари билан бўлган маслаҳатлашувлардан сўнг, муддатидан олдин парламент сайловлари 20 июнь куни бўлиб ўтишини эълон қилди. Истефодан кейин Никол Пашинян техник жиҳатдан яна ўз номзодини илгари суради ва парламент фракциялари янги бош вазирни икки марта сайламайди. Шундан сўнг, мамлакат қонунчилик органи тарқатиб юборилади ва республика президенти муддатидан олдин сайловлар ўтказиш учун янги санани белгилайди.

Арманистон парламенти спикери Арарат Мирзоян душанба куни сайлов кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра бундан буён мамлакатда сайловлар пропорционал тизим асосида ўтказилади. Ҳужжат 1 апрель куни парламент томонидан маъқулланган, президент Армен Саркисян уни имзолашдан бош тортган, аммо шу билан бирга конституциявий судга янгиликнинг асосий қонунга мувофиқлиги тўғрисида илтимоснома билан мурожаат қилмаган. Арманистон конституциясига кўра, агар президент қонунни имзоламаса ва Конституциявий судга мурожаат қилмаса, парламент спикери давлат раҳбари ўрнига қонунни имзолаши мумкин.