Бизнес тузилмаларининг жамият тараққиётига қўшиши мумкин бўлган ҳиссасини инкор этиб бўлмайди. Бу ҳисса корхоналарнинг ўз ходимлари ва жамият олдидаги ижтимоий ва экологик мажбуриятларни ўз зиммасига олиши билан муҳимдир. Масъулиятни ўз зиммансига олиш ўта оғир юкдек туюлиши мумкин — лекин кичик қадамлардан бошласа бўлади, масалан ишчиларнинг ташаббуслари ва манфаатларини қўллаб-қувватлаш ёки маҳаллага ёрдам бериш орқали ҳам буни амалга ошириш мумкин. Ижтимоий муаммолар билан шуғулланувчи тадқиқотчи, корпоратив ижтимоий масъулият бўйича мутахассис Малика Шарипова ва ижтимоий ҳимоя соҳасидаги тадқиқотчи Дилмурод Юсупов ўз мақолаларида корпоратив ижтимоий масъулитяни амалга оширишда қандай хатолардан сақланиш кераклигига тўхталиб ўтганлар.

Бизнесда муваффақиятга эришишда корпоратив ижтимоий масъулиятнинг (КИМ) ўрни тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Ижтимоий ва экологик сиёсат ҳамда стандартларни татбиқ этаётган, бир қатор халқаро сертификатларни қўлга киритишга уринаётган ва аудит тизимларидан ўтаётган, йиллик КИМ ҳисоботларини чиқараётган компаниялар кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Глобал миқёсда трансмиллий корпорациялар ҳам барча манфаатдор томонларнинг тобора ортиб бораётган талабларини қондиришга ҳаракат қилмоқда. Ҳатто КИМни ривожлантиришга бағишланган The CSR journal, 3BL, Triple Pundit каби махсус платформа ва нашриётлар ҳам кўпаймоқда.

«BlackRock» инвестицияларни бошқариш трансмиллий корпорацияси раиси ва бош ижрочи раҳбари Лоуренс Финк ҳам ўзининг яқинда эълон қилинган мурожаатида инвестиция қарорларини қабул қилишда КИМнинг ролини алоҳида таъкидлаб ўтди. У 2020 йилда экологик, ижтимоий ва бошқарув (Environmental Social Governance — ESG) тамойилларида етакчи бўлган компаниялар инвесторларнинг қизиқишини жалб қилгани ва шу орқали ўз рақобатчиларидан устун бўлганликларини айтиб ўтди.

Фойда олишдан ташқари, бизнес тузилмалари ўз ходимларининг ҳуқуқларини таъминлаши ва барча манфаатдор томонлар олдидаги мажбуриятларини бажариши орқали жамият ривожига ҳисса қўшишлари, шу билан бирга жамиятдаги ижтимоий муаммоларнинг ечимида иштирок этишлари зарур.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ходимларни ижтимоий ҳимоялаш, масъулиятли амалиётлар, қонунчиликка риоя қилиш, таъминот занжири бўйича ҳисобот бериш ва бошқалар — буларнинг барчаси КИМнинг асосий талабларидир.

КИМ тамойилларини амалиётда тадбиқ этувчи, кучли ижтимоий ҳимоя ва ходимлар ҳуқуқларини тўлақонли тарзда таъминловчи масъулиятли бизнес тузилмалари нафақат инвесторларни жалб қилиш, балки жамоатчилик ишончини ҳам қозониш, ўз нуфузини кўтариш, янги мижозлар ва юқори малакали ходимларни жалб қилиш имконига эга бўладилар.

Жуда зўр имконият, шундай эмасми? Аммо КИМни тўғри тарзда амалга ошириш осон иш эмас! Амалиёт шуни кўрсатадики, муваффақиятли КИМ ташаббусларини амалга ошириш пухта режалаштириш, етакчилик ва самарали мулоқот қобилиятини талаб қилади.

КИМ хайрия эмас

Афсуски, КИМдан фақат ғараз мақсадларда фойдаланадиган компаниялар ҳам мавжуд. Балки ўқувчилар «whitewashing», яъни «обрўни оқлаш», «greenwashing» ёки «яшил пиар» каби тушунчалар ҳақида эшитгандир. Бунда компаниялар харидор ва мижозларини ўз хизматлари ижтимоий масъулиятли тарзда амалга оширилиши ёки ўз маҳсулотлари экологик тоза эканига ишонтиришга уринишади. Аслида эса бундай компанияларда тегишли стандартлар ёки сиёсат амалга оширилмайди.

Шу билан бирга, КИМ тамойилларини нотўғри тушунадиган компаниялар ҳам мавжуд. Шуни айтиб ўтиш керакки, КИМ — имконияти чекланган болаларга совғалар улашиш ёки улар учун байрам ташкиллаштирилган таъсирчан реклама роликлари ёки хайрия дегани эмас.

Ўзбекистондаги компаниялар ўртасида ўтказилган сўровнома шуни кўрсатдики, мамлакатимиздаги бизнеснинг салмоқли қисми КИМ га хайрия призмаси орқали қарайди. Баъзи тадбиркорлар буни диний эътиқодлари ёки алтруистик тушунчалари асосида амалга оширишади, баъзилари эса бошқа компанияларнинг КИМ стратегиялари тўғрисида эшитиб, ўзларида ҳам шу усулларга тақлид қилишга ҳаракат қилишади.

Қуйида, Ўзбекистонда КИМ лойиҳаларини самарасиз амалга оширишга мисолларни кўриб чиқамиз (воқеалар ва ҳолатларнинг ўхшашлиги тасодифий бўлиши мумкин).

1-муваффақиятсиз мисол: «меҳрибонлик уйи туризми»

«А» компанияси меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларига янги йил байрами уюштиради. Компания вакиллари болалар уйларига ташриф буюришади, янги йил совғаларини, озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишади, концерт уюштиришади ва болалар билан суратга тушишади. Кейин компания ПР-мутахассиси машҳур интернет-ОАВларда «реклама ҳуқуқи асосида» ўз хайрия акциялари тўғрисида фото ва видео материалларни жойлаштиради. Бир қарашда бундай стратегиянинг ёмон жойи йўқ — ахир болаларни хурсанд қилишди-ку!

Эҳтимол «А» компанияси ушбу хайрия акциясини фақат яхши ниятлар билан ташкиллаштиргандир. Аммо, илғор халқаро амалиётга назар ташласак, кўплаб ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларда болалар учун махсус муассасалардан воз кечиб, васийликнинг муқобил, оилавий шаклларини (ҳомий оилалар) қўллаб-қувватлашга эътибор берилмоқда. Болаларга совғалар тарқатиш албатта яхши, лекин аслида улар учун энг муҳими уларнинг оилавий муҳитда, меҳр-муҳаббат билан улғайишидир. Компаниялар болаларнинг асл муаммолари билан шуғулланиш ўрнига «меҳрибонлик уйи туризми»ни амалга ошириши жамоат онгида меҳрибонлик уйлари институтини яна ҳам кучайтиришга ва бошқа муқобил йўллар ҳақида бош қотирмасликка олиб келади.

Моддий ёрдам ва ижтимоий хизматларга муҳтож бўлган нотинч ва кам таъминланган оилалар фарзандларини ўзлари боқа олмаганликлари сабабли уларни меҳрибонлик уйларига беришга мажбур бўладилар. 2019 йилда Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларининг 14 фоизигина тўлиқ етим бўлган, қолганлари эса ота-онасининг ноиложлигидан шу муассасаларда қўним топганлар. Яқинда президентнинг Наманганга ташрифи чоғида 26-меҳрибонлик уйидаги тўрт нафар бола моддий қийинчиликлар туфайли уларни ташлаб кетган оналарига қайтарилди. Аммо нега боланинг онага қайтарилиши учун айнан президентнинг ташрифини кутиш керак? Ижтимоий хизматлар, маҳалла қўмитаси, КИМни тарғиб қилувчи компаниялар, хайрия қилувчилар — улар моддий жиҳатдан қийналаётган бу каби оилаларни ўз вақтида қўллаб-қувватлаши ва болаларнинг ўз оилаларидан ажралишининг олдини олишлари мумкин-ку.

Албатта, компанияларнинг шароити йўқ оилаларнинг ҳар бирига ижтимоий ёрдам беришга вақти йўқ ва улар бунга мажбур ҳам эмас, ахир меҳрибонлик уйларида байрам ташкил қилиш — компаниянинг обрўсини яхшилаш учун тез самара берувчи арзон ва ишланган схема. Бироқ, айтиб ўтиш керак, ушбу хайрия ёндашуви барқарор эмас ва афсус, кўпинча масаланинг моҳияти билан шуғулланишни истамаган компанияларнинг бир марталик ПР акцияси сифатида хизмат қилади.

КИМ лойиҳаларининг барқарорлиги

Шуни таъкидлаб ўтиш керакки, КИМ стратегиясининг барчага бир хил даражада мос келадиган аниқ андозаси мавжуд эмас. КИМ стратегияси компаниянинг ўз ривожланиш стратегиясига мувофиқ ишлаб чиқилиши, жамият учун ҳам, компания учун ҳам самарали бўлиши ва бошқа корхоналар сиёсатидан кўчирма бўлмаслиги керак. Компаниялар КИМ тамойилларини ўз мақсадлари ва вазифалари, қадриятлари ва барча манфаатдор томонларининг эҳтиёжларини, шунингдек, жамиятдаги мавжуд муаммоларни чуқур англаган ҳолда ишлаб чиқишлари керак.

Ҳеч бир компания 100% «яшил» бўла олмайди, лекин шу билан бирга, ҳар бир компаниянинг ўзига хос экологик зарарни камайтириш ва ижтимоий масъуллик мақсадлари бўлиши керак. Масалан, сиз барқарор ривожланиш йўлини танлашингиз, инсон ҳуқуқлари, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишингиз ёки ногиронларнинг жамият билан интеграциялашувига ёрдам беришингиз, бирон мақсадга қаратилган хайрия ишларини амалга оширишингиз мумкин. Аммо таъкидлаб ўтиш зарурки, бу стратегияларнинг барчаси доимий ва барқарор бўлиши керак. КИМ бир марталик ёрдам эмас, балки аниқ белгиланган ва мақсадга йўналтирилган узоқ муддатли стратегия бўлиши керак.

Дунё тажрибасидан бир мисол — АҚШда 2011 йилдан бери фаолият олиб бораётган қайта ишланган бамбук, ёғоч ва бошқа материаллардан қўлда ишланган кўзойнаклар ишлаб чиқарадиган Solo Eyewear компаниясини мисол қилиб олсак. Компания инсонларга ғамхўрлик қилади — компания ўз даромадининг 10% ини доимий тарзда муҳтож инсонларни кўзойнаклар билан таъминлаш, кўз тиббий кўрикларидан ўтказиш ва катаракта операцияларини молиялаштиришга хайрия қилади. Solo Eyewear шу пайтгача 13 мингдан зиёд муҳтож кўзи ожизларга кўриш имкониятини қайтарган.

Шу билан бирга, компания атроф-муҳитни муҳофаза қилишга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида қуёшдан сақлайдиган қора кўзойнакларни тайёрлаш учун қайта ишланган бамбук, ёғоч ёки пластмасса каби иккиламчи маҳсулотлардан фойдаланади ва бу билан юзлаб килограмм бирламчи материалларни исроф қилишнинг олдини олади. Aravind Eye Care System ва Restooring Vision билан ҳамкорлик орқали Solo Eyewear компанияснинг кўришни тиклаш бўйича ҳаракатлари 32 мамлакатга тарқалган.

Кейинги самарасиз КИМ хатоларини такрорламаслик учун сиз ҳам ўзингизнинг сиёсатингизга тўғри келадиган нодавлат нотижорат ташкилотини қўллаб-қувватлаш ёки улар билан шериклик қилиш орқали қўйилган эзгу мақсадларга эришиш имконини кучайтиришингиз мумкин.

2-муваффақиятсиз мисол: «хайрия ёндашуви»

«Б» компанияси Ўзбекистон мустақиллиги куни муносабати билан ногиронлар ташкилотига хайрия ёрдамини кўрсатади. Компания ходимлари ташкилотнинг 100 дан ортиқ аъзоларига фирма логотиплари туширилган сумкалар ва қутиларда озиқ-овқат тарқатади ва бу жараёнини суратга олишади. Сўнгра компаниянинг матбуот хизмати оммабоп Интернет-нашрлардан бирида ногиронларга ёрдам бериш қанчалик муҳимлиги тўғрисида фотосурат ва «олийжаноб» матнни реклама ҳуқуқлари асосида эълон қилади.

Бу мисолда яна ўша хатони кузатамиз, яъни «Б» компанияси озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатишда ижтимоий ҳимояга муҳтож одамларга осонгина ёрдам беришни маъқул кўради. Лекин, келинг, «агар бир одамга ёрдам беришни истасанг, унга балиқ берма, балки унга балиқ тутишни ўргат», — деган қадимий доно мақолни эслайлик.

Эҳтимол, «Б» компанияси соғлом инсонларга қараганда ногиронларнинг муносиб иш топишлари тўрт баробар қийинроқ эканлигидан хабари йўқдир. Бир марталик «балиқ» тарқатиш хайрияси ўрнига бу компания ногиронларнинг асл муаммоларини ўрганиш, уларни иш билан таъминлаш, ўқитиш ёки уларга иш тажрибасини ўргатиши мумкин эди.

Аммо, бир марталик хайрия ёрдамини тарқатиш ногирон ишчилар учун маълум иш жойларини мослаштириш ва тренинглар ўтказишдан кўра анча осонроқ иш албатта. Шу билан бирга, ногиронлар ташкилотининг 100 дан ортиқ аъзоларига озиқ-овқат маҳсулотларини тарқатиш — бу оммавий ахборот воситаларида хайрия ишларини тезкор ёритиб, обрў орттиришга хизмат қиладиган компаниялар учун жуда яхши имконият.

Бироқ фақат хайрия билан шуғулланиш ёндашуви барқарор эмас ва афсус бу каби акциялар ногиронларни мамлакат иқтисодиёти ривожига ўз ҳиссасини қўшиши мумкин бўлган фаол фуқаролар сифатида эмас, балки пассив қабул қилувчиларга айлантиришни рағбатлантиради. Бундан ташқари, хайр-эҳсон берувчилар ва уни олувчилар ўртасида тенг бўлмаган муносабатларни вужудга келтиради, бунда одатда, берувчилар олувчиларга нима кераклигини ўзлари «ҳал қилишади».

Бизнеснинг фуқаролик сектори билан ижтимоий шериклиги

КИМ бўйича самарали ва барқарор лойиҳаларни амалга ошириш учун компаниялар ўз стратегияларига мос ёки ўхшаш қадриятларни тарғиб қилувчи нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа вакиллари билан узоқ муддатли ижтимоий шериклик алоқаларини ўрнатишлари мақсадга мувофиқ. Афсуски, ўтган йилнинг май ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан кўриб чиқилган «Ижтимоий шериклик тўғрисида» ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинмади. Ўшанда Халқ демократик партияси ва ЎзЛиДеп депутатлари «ижтимоий шериклик институтини кенгайтириш», бу соҳада бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг иштирокини таъминлашни таклиф қилишган эди.

Мисол учун, — Nestlé ўз глобал пальма ёғи таъминот занжирларининг 100 фоиз мониторинги учун Starling (Глобал текширув тизими) йўлдош хизматини йўлга қўйган биринчи озиқ-овқат компаниясидир. The Forest Trust нотижорат ташкилоти билан ҳамкорликда компания ўз маҳсулотларида ишлатадиган палма ёғи тропик ўрмонларнинг ноқонуний равишда кесилишига олиб келмаслиги учун ҳаракат қилади ва ноқонуний кесишларга қарши сиёсатни илгари суради.

Ўзбекистон шароитида маҳаллий компанияларнинг ўз маҳсулот қадоқларининг экологик зарарини камайтиришга қаратилган сиёсати муваффақиятли КИМ сиёсатига яхши мисол бўлиши мумкин. Масалан, КИМ сиёсатлари доирасида компаниялар Hashar Week нинг чиқиндиларни қайта ишлаш лойиҳаси билан ҳамкорлик қилишлари ёки талаба ва олимларнинг чиқиндиларни барқарор ва экологик тарзда йўқ қилиш бўйича илмий тадқиқотларини қўллаб-қувватлашлари мумкин.

«Б» компаниясининг ногиронлар учун озиқ овқат маҳсулотларини тарқатиш мисолини қўллаш ўрнига, сиз масалан, «Инклюзив иш билан таъминлаш» лойиҳаси доирасида ногирон ходимларни танлаш учун Sharoit+ Тошкентдаги ногиронлар жамоат бирлашмаси — нодавлат нотижорат хизматидан фойдаланишингиз мумкин, ёки www.ishplus.uz ихтисослаштирилган порталида мавжуд бўш иш ўринларини таклиф қилишингиз мумкин.

КИМ сиёсатларини маҳаллийлаштириш

КИМ ташаббуслари маҳаллийлаштирилса янада самаралироқ бўлади. Компаниянгизнинг катта ёки кичиклигидан қатъи назар, КИМ дастурингиз маҳаллий ҳамжамият эҳтиёжларидан келиб чиқиши керак. Бу маълум бир маҳалла жамоатчилиги муаммоларини ҳал қилишга қаратилган ва ўша ҳудуд талабларидан келиб чиқувчи «маҳаллабай» ёндашувдир.

Масалан, 2011 йилда дунёга таниқли Levi Strauss & Co компанияси ишлаб чиқариш занжири бўйлаб ишчиларга яхши шароитлар яратиш ва янада барқарор таъминот занжирини таъминлаш учун Worker Well-Being (WWB) деб номланган инқилобий ташаббусни бошлади. Компания маҳаллий ишчилар малакасини ошириш, уларнинг оилавий саломатлиги ва фаровонлигини таъминлаш, тенглик ва бағрикенгликни ривожлантириш учун ўз дастурларини амалга оширишда таъминотчилар ва маҳаллий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

WWB ишчилар муаммоларини тинглашдан бошлаб ишчилар эҳтиёжларини қондиришгача ўзига хос ёндашувни қўллайди. Ҳар қандай ташаббусни бошлашдан олдин, таъминотчилар Levi Strauss & Co завод ишчилари билан уларнинг эҳтиёжлари борасида суҳбат олиб боради. Шундан сўнг компания ўз таъминотчилари билан биргаликда маҳаллий ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлар билан ишчилар эҳтиёжларини қондирадиган дастурларни амалга оширади.

Levi’s ўз WWB дастурини 17 мамлакатда жорий қилган ва ҳозирда бу дастур компаниянинг 65 фоиз маҳсулотини ишлаб чиқарувчи 190 минг ишчини қамраб олади. Қизиғи шундаки, WWBнинг дастурлари инвестициялар рентабеллигини 4:1 нисбатига кўтарган!

Ҳалоллик ва ошкоралик

КИМда ҳалоллик, ошкоралик ва самимийлик жуда муҳим. Умуман аслида, ҳар бир инсон ҳам, компания ҳам ўзлари ишонмаган мақсадни ёки ғояни илгари сурмасликлари ёки ўзлари куюнмаган масалага аралашмасликлари лозим.

КИМни ғаразли мақсадларда фақат обрўни яхшилаш учун алдов орқали амалга ошириш қисқа муддатли фойда келтириши мумкин, аммо бу каби алдов аниқланса, компаниянинг обрўсига қайтариб бўлмас жиддий путур етказиши мумкин. Volkswagen нинг автомобилларидаги янги дизел двигателларини экологик тоза деган алдовнинг аччиқ тажрибаси барчамизнинг ёдимизда. Немис автоулови муҳандислари машиналардаги 11 миллион «яшил» двигателларни ҳақиқий зарарни яширадиган дастур билан жиҳозлаганликлари аниқланган ва оқибатда ушбу фирибгарлик компания учун обрў йўқотиш билан бирга миллиардлаб доллар жарималарга тушди.

Сизни хақиқатдан ташвишга солувчи масалани аниқлаб олишингиз ва шундан сўнггина жамиятга бу муаммони ечишда чин дилдан қандай ёрдам бера олишингизни белгилашингиз муҳимдир. Агар сизни самимий равишда ташвишлантирадиган ҳеч қандай масала бўлмаса, сохта КИМни амалга оширгандан кўра ҳеч нарса қилмаган яхшироқ. Ўзбекистонда КИМ ҳали ҳам янги йўналиш, шунинг учун тўғри КИМ стратегиясини ишлаб чиқиш учун мутахассисларнинг ёрдами керак. Самарали ва барқарор КИМ дастурларига сармоя киритиш компанияларга ўзлари учун жамиятдаги мавжуд ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал этиш қанчалик муҳим эканини намойиш этиш имкониятини беради.

Маҳаллий бизнес ва тадбиркорлар КИМ тадқиқотлари учун ўз вақтлари ва маълум сармояларини сарфлашга тайёр бўлиши керак. Маҳаллий ёки халқаро миқёсдаги фуқаролик сектори ва КИМ мутахассислари билан ҳамкорликда ишлаш муваффақият калитидир. КИМ мутахассислари компанияни барча томондан ўрганиб (materiality assessment), чуқур тадқиқотлар асосида, барча манфаатдор томонларнинг ҳамда бизнеснинг ўз эҳтиёжлари ва мақсадларига мувофиқлигини таъминлаш асосида барқарор КИМ стратегиясини ишлаб чиқишда ёрдам берадилар.

Шунингдек агар бизнес ҳақиқатан ҳам узоқ муддатли ижтимоий масъулиятини намойиш қилмоқчи бўлса ҳамда жамият билан шаффоф ва самимий алоқани таъминлаш нияти бўлса, КИМ бўйича йиллик ҳисоботларни тайёрлаш ҳам муҳим омил ҳисобланади.

Ваҳоланки, КИМ — бу бизнес ўз пулларини қандай сарфлаши эмас, балки бу пулларни қандай ишлаб топиши ҳақидадир.

Муаллифларнинг фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Малика Шарипова — КИМ бўйича мутахассис «CARE CSR консалтинг компанияси асосчиси ва директори.

Дилмурод Юсупов — аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилиш, ногиронлик муаммолари ва инклюзив ривожланиш соҳаси тадқиқотчиси.