Президент Шавкат Мирзиёев Наманган шаҳрига ташрифи давомида 26-Меҳрибонлик уйига борган эди. Меҳрибонлик уйига ташрифи чоғида президент бағрига босган қизалоқ оиласига қайтди, дея хабар бермоқда «Дарё» мухбири.

Хабарга кўра, Фотима Умрзоқова ҳозир 5 ёшда. У ва эгизак укаси Ҳусан 2 йил, опалари Ҳадича ва Ҳалима эса 3 йилдан бери болалар уйида тарбияланаётган эди.

«Уларнинг онаси ёлғиз аёл бўлгани ва етишмовчилик туфайли болаларини бизнинг муассасага топширган эди. Йил бошидан уларни олиб кетиш ҳаракатига тушиб қолди. Қизалоғини давлат раҳбари кўтариб олганини кўрганидан кейин бу фикри яна ҳам қатъийлашган бўлса ажаб эмас. Ўтган вақт мобайнида уларга биз ҳам қаттиқ боғланиб қолган эканмиз, кўзда ёш билан кузатиб қўйдик. Лекин оиласида, онасининг бағрида бўлиши биз учун муҳим, шундан хурсандмиз», — дейди Меҳрибонлик уйи директори Дилором Абдураҳимова.

Болаларнинг онаси Нилуфарнинг айтишича, уларни асли куз ойларига бориб, ишлаб, пул топиб, уй-жой шароитини ўнглагандан сўнг қайтариб олмоқчи бўлган, бироқ оиладаги вазиятдан хабар топган «Саховат-Наманган» хайрия жамоат фонди аъзолари бу ташвишларни ўз зиммасига олган.

«Саховат-Наманган» хайрия жамоат фонди вакили Бахтиёр Юсуфжоновнинг таъкидлашича, Нилуфар ва унинг болалари яшайдиган хонадон бошдан-оёқ таъмирлаб берилган. Ҳовлига дарвоза, уйларга эшик-ром ўрнатилган, шифт ва пол қилинган, кўрпа-тўшак, идиш-товоққача етказилган. Келгусида ҳам болалардан доимий хабар олиб турилади ва улар учун барча зарур шароит яратиб берилади.

Маълумот учун, Намангандаги 26-Меҳрибонлик уйини 13 нафар тарбияланувчи тарк этган. Улардан 5 нафари фарзандликка берилган бўлса, 8 нафари оиласига қайтган. Оиласига қайтганлар сафида Фотима, унинг икки опаси ҳамда эгизак укаси ҳам бор.