Роппа-роса бир йил муқаддам — 3 декабрь, Халқаро ногиронлар кунида нега ногиронлиги бўлган шахслар учун бизнинг мамлакатимизда муносиб иш топиш қийин деган саволни ўртага ташлаган эдик. БМТнинг ўтган йилги Ўзбекистондаги тадқиқотлари натижалари ногиронларнинг иш топиш имкони қарийб тўрт баравар кам эканлигини кўрсатди.

16−59 ва 16−54 ёшдаги ногирон эркакларнинг фақат 7,1% мос равишда 2019 йилда иш билан таъминланган эди. Шу билан бирга, қишлоқ жойларида ногиронларнинг атиги 5,8 фоизи иш билан таъминланган. Ногиронлиги бўлган аёлларнинг аҳволи эркакларникига қараганда анча ёмонроқ: 8,9% эркаклар иш билан таъминланган бир вақтда атиги 4,4% аёллар ишга жойлаштирилган.

Ногиронларни иш билан таъминлашнинг асосий тўсиқларидан бири — Тиббий-меҳнат эксперт комиссиялари (ТМЭК) томонидан берилган ногиронлик тўғрисидаги гувоҳномадаги «меҳнатга яроқсиз», «ногирон» ёки «махсус яратилган шароитларда меҳнатга яроқли» деб ёзилган камситувчи хулосаларидир. Бундай ёзувлар БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясининг 27-моддасига зиддир, унда давлатлар ногиронларнинг бошқалар билан тенг равишда ишлаш ҳуқуқларини тан олишга мажбурликлари кўрсатилган.

Ногиронлик = меҳнатга лаёқатсизлик (ми)?

Ўзбекистонда 630 мингдан зиёд ногиронлар расмий равишда рўйхатдан ўтказилган. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларигакўра, уларнинг 25 фоиздан кўпроғи ёки 162,2 минг киши «муайян турдаги меҳнат фаолияти билан шуғулланишга лаёқатли» деб топилган.

Давлат солиқ қўмитасининг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича солиқ тўловчининг идентификацион рақамини (СТИР) таққослаш йўли билан олинган маълумотлари шуни кўрсатдики, 162,2 минг «меҳнатга лаёқатли деб тан олинганлиги» ногиронлардан 21,1 минг киши расмий равишда иш билан таъминланган — бу рўйхатга олинган меҳнатга лаёқатли ёшдаги барча ногиронларнинг атиги 6 фоизини ташкил этади.

Вазирлик томонидан эълон қилинган статистика ТМЭКнинг узоқ муддатли ва бюрократик жараёнидан ўтиб, ногиронлик гуруҳини олган шахслар тўғрисидаги маъмурий маълумотларига асосланади. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг 15 фоиздан ортиғида турли ҳил ногиронлик ҳолатлари бўлиб ва уларнинг 80 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшаётганлигини ҳисобга олсак, Ўзбекистондаги мавжуд ногиронлик статистикаси ҳақиқатга тўғри келмайди, чунки аксарият болалар ва катталар ҳали ногиронликни расмийлаштирмаган ва ўз вақтида ТМЭК назоратидан турмаган.

«Вазирлик томонидан эълон қилинган 162,2 минг кишига қараганда меҳнатга лаёқатли ногиронлар анча кўп. Кўпгина ногиронлар, агар улар учун қулай меҳнат шароитлари яратилса, иш билан таъминланиши мумкин. Ногиронларни иш билан таъминлаш ва уларнинг тизимли мониторингини олиб бориш, шунингдек уларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш учун уларни алоҳида назоратга олиш зарур», — дейди Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси раиси Ойбек Исоқов.

Ногиронлар қобилиятига нисбатан тиббий-меҳнат эксперт комиссиясияларининг ва умуман жамиятнинг нотўғри шаклланган қараши уларни «меҳнатга лаёқатсиз» ва «яроқсиз» қилади. Бошқача қилиб айтганда, муаммо уларнинг тана функциялари чекланишида эмас, балки муносабат ва инфратузилмавий тўсиқларда — иш берувчилар томонидан очиқ камситишлари ва улар учун иш ўринларининг мавжуд эмаслигида.

Иш ўринларининг самарасиз квоталаниши

«Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуннинг 25-моддаси камида 20 киши ишлайдиган давлат муассасалари ва хусусий корхоналарни ногиронлар учун иш жойларининг камида 3 фоизини захиралашга мажбур қилади. Бундай квота 2021 йил 15 январдан кейин кучга кирадиган «Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида"ги янги қонуннинг 43-моддасида ҳам назарда тутилган.

Бироқ, ногиронлар учун мавжуд бўлган 3 фоизли иш ўринлари квотаси анча вақт олдин квота бажарилишини назорат қилишнинг аниқ механизми мавжуд эмаслиги сабаб ўз самарасизлигини кўрсатиб бўлган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида 2018 йил март ойида ташкил топган Ногиронларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси квотага риоя қилмаганлик учун жарималарни назорат қилиши ва ундириши керак эди, аммо бу иш қандай амалга оширилаётгани ҳанузгача аниқ эмас.

Ногиронларни иш билан таъминлаш учун 3 фоизли квота асосида яратилган бўш иш ўринларининг алоҳида электрон реестри мавжуд эмас, бу эса бажарилмаслиги учун маъмурий жавобгарлик кўзда тутилган ушбу мажбурий квотанинг бажарилишини назорат қилишни мураккаблаштиради. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг вакансиялар бўйича миллий маълумотлари базасида «Квота бўйича иш жойлари» деб номланган бўлим ишлаб чиқиш жараёнида.

Иш берувчилар имтиёзлар ва преференциялар ҳақида билишмайди

Инклюзив иш билан таъминлашни рағбатлантириш учун бир қатор имтиёзлар ва преференциялар мавжуд бўлсада, кўплаб иш берувчилар улар ҳақида яхши билишмайди.

Масалан, Солиқ кодексининг 337-моддасида иш билан банд бўлган ногиронларнинг ҳар бир фоизи учун юридик шахслар учун солиқ ставкасини квота нормасидан 3 фоиздан ортиқ 1 фоизга пасайтириш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2018 йил 1 августдан бошлаб меҳнат шартномаси бўйича ишлайдиган ходимларнинг камида 30% ногиронлар, қарамоғида 16 ёшга етмаган шахслар ёки ногиронлиги мавжуд болалар бўлган ёлғиз шахслар, шунингдек, аҳолининг бошқа заиф гуруҳлари бўлган тадбиркорлик субъектлари учун алоҳида имтиёзлар мавжуд.

БМТ Тараққиёт дастурининг иш берувчилар билан суҳбатларига асосланган тадқиқоти шуни кўрсатдики, суҳбат ўтказилган барча иш берувчиларнинг 10 фоиздан камроғи бундай имкониятлардан хабардор бўлган. Ногиронларни ишга қабул қилишда бериладиган имтиёзлар ва преференциялар тўғрисида етарлича маълумотга эга эмаслигимиз 2018 йил 11 июндаги 3782-сон Президент фармонига мувофиқ Савдо-саноат палатаси ва бошқа манфаатдор ННТ, шунингдек, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг етарли даражада тушунтириш ишларини олиб бормагани сабабли бўлиши мумкин.

Иш жойини мослаштириш учун ким тўлайди?

Очиқ меҳнат бозорида ногиронлар учун иш жойларини мослаш, айниқса, кичик ва ўрта бизнес учун қўшимча харажатларни келтириб чиқариши мумкин. Оқилона қулайликлар яратиш ва иш жойини уларнинг эҳтиёжлари/талабларига мослаштириш иш берувчи томонидан тўланади, бу эса уларнинг ишга жойлашишига яна бир тўсиқ бўлиши мумкин.

Шу муносабат билан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги иш берувчиларга жисмоний имконияти чекланган шахслар учун қулай жисмоний муҳит яратиш учун субсидиялар ажратишни, шунингдек, 12 ой ичида 3 фоизли квотадан ортиқ қабул қилинган ногиронларнинг иш ҳақига субсидиялар ажратишни кўриб чиқишга тайёрлигини эълон қилди.

Таълимнинг ва касбий тайёргарликнинг паст даражаси

Ногиронлар ишга жойлашиш билан боғлиқ муаммолардан ташқари, таълим олиш ва касбий тайёргарликда ҳам тўсиқларга дуч келишмоқда. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг маълумотларига кўра, фақат меҳнатга лаёқатли деб тан олинган ногиронларнинг 9200 нафари олий маълумотга эга ва уларнинг 25275 нафари махсус ўрта маълумотга эга. Қолганлари умуман маълумотга эга эмас ёки фақат ўрта маълумотли.

Жорий йилнинг июль ойида вазирлик ногиронларни ўқитиш учун вазирлик тизимига ўтган 30 та касб-ҳунар таълими муассасаларини капитал таъмирлаш ва қайта жиҳозлаш истагини билдирди. 2021−2025 йилларда ушбу ўқув марказларида ногиронлиги бўлган 1000 кишини касбга тайёрлаш ва қайта тайёрлашни режалаштирмоқда.

Пандемиянинг норасмий секторга берган зарбаси

Яқинда эълон қилинган маслаҳат варағида Халқаро Меҳнат Ташкилоти кўпгина ногиронлар пандемиядан олдин ҳам меҳнат бозорида сезиларли четлатиш ва камситишларга дуч келганлигини таъкидлади. Мамлакатдаги умумий ижтимоий-иқтисодий вазиятнинг ёмонлашиши уларни янада катта қийинчиликларга рўбарў қилиши мумкин. Кучли карантин чоралари ҳам уларга қўшимча қийинчиликлар туғдирди.

Расмий секторнинг мавжуд тўсиқлари ногиронларни сояли бандликка ўтишга мажбур қилмоқда. Бундан ташқари, I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий нафақа олиши сабабли, одатда, ишга жойлашганда ногиронлик нафақаларини йўқотишдан қўрқишади. Натижада, кўплаб ногиронлар «меҳнатга лаёқатсиз» ёрлиғини қабул қилишади ва норасмий секторда ишлашни афзал кўришади, масалан, норасмий равишда пойтахтдаги автотураргоҳларда машиналарни жойлаштирувчилар сифатида ишлайдиган эшитиш қобилияти чекланганлар каби.

Халқаро меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, COVID-19 пандемияси шароитида ногиронларнинг норасмий секторда иш билан таъминланиши вирусни юқтириш хавфини сезиларли даражада оширади ва уларни соғлиғи ва молиявий аҳволини нисбатан заифроқ қилади.

Нима учун ваъда қилинган давлат буюртмалари ишламаяпти?

Президентнинг 2019 йил 23 августдаги ПҚ-4423-сонли қарорида ногиронларни иш билан таъминлайдиган ногиронлар жамоат бирлашмалари корхоналарини рағбатлантириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган.

Бундай чоралар қаторига «давлат буюртмачиларига Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлиги бўлган шахслардан иборат ва ногиронлиги бўлган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш фонди умумий меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг камида 50 фоизини ташкил этадиган ягона иштирокчиси ногиронлиги бўлган шахсларнинг жамоат бирлашмалари ҳисобланган юридик шахсларнинг товарлари (ишлари, хизматлари)ни харид қилиш учун квоталар тақдим этади».

Ногиронлар жамоат бирлашмалари томонидан 2019 йил 27 ноябрда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланган квоталар рўйхати.

Ногиронлар бирлашмалари томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни давлат харидлари тўғрисидаги қонунчиликни амалга ошириш пандемия пайтида уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг яхши чораси бўлиб, уларнинг иш билан таъминланишига ёрдам берадиган самарали механизм бўлиб хизмат қилиши мумкин. Бироқ, бундай корхоналар ўз маҳсулотларини сотишда қийинчиликларга дуч келишди.

Республика ногиронлар жамияти қошидаги «Abdujabbor Servis turlari» шўъба корхонаси I гуруҳ ногирони Жабборқул Эшназаров томонидан давлат томонидан ажратилган имтиёзли кредит эвазига ташкил этилди. Беш ногирон ишчининг меҳнатидан фойдаланган ҳолда, ушбу корхона идиш-товоқ ювадиган суюқликлар, ойна тозалаловчи воситалар, суюқ совун, ювиниш гели, шампунлар, кир ювиш кукуни ва бошқа гигиена воситалари ишлаб чиқаради.


I гуруҳ ногирони Жабборқул Эшназаров пандемия пайтида ўзининг «Abdujabbor Servis turlari» корхонаси маҳсулотларини сотолмади.

«Муаммо шундаки, Молия вазирлиги ногиронларнинг жамоат бирлашмалари учун квоталар белгилаб берди, бироқ номаълум сабабларга кўра давлат ташкилотлари бизнинг корхоналаримиз билан шартнома тузмаяпти. Ногиронлар жамиятининг шўъба корхонаси томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар пандемия пайтида жуда зарур — бу ювиш воситалари. Аммо негадир бизнинг давлатимиз Хитойда ишлаб чиқарилган шу каби товарларни сотиб олишни афзал кўради», — дейди Ойбек Исоқов.

Ихтисослашган корхоналарнинг инқирози

Шу йилнинг октябрь ойида ижтимоий тармоқларда машҳур «Sirojiddin Media» YouTube каналида «Нима учун кўзи ожизлар раҳбарлардан норози» номли видеорепортажҳавола қилинди. Видеода Тошкентдаги Кўзи ожизлар жамияти қошидаги «Щётка» ўқув-ишлаб чиқариш корхонасидаги кўзи ожиз ишчилар жуда паст иш ҳақи ва ишсизликдан шикоят қилмоқдалар.

Маълум бўлишича, пахта саноати учун чўткалар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган устахонадаги оғир қўл меҳнати учун улар 435000 сўм маош оладилар. Видеода ишчилардан бирининг таъкидлашича, ҳатто шу арзимаган иш ҳақини ҳам улар шу йилнинг март ойидан бери олмаяптилар.

Корхонанинг кўзи ожиз ходимлари илгари корхона директори 5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит жалб қилганига қарамай, уларнинг чўтка ишлаб чиқарувчи заводи ниҳоятда ачинарли аҳволда эканлигини айтмоқда. Бундан ташқари, бу йил Кўзи ожизлар жамияти корхонаси газланган ичимликлар ишлаб чиқариш учун яна 14 миллиард сўм миқдорида кредит олди.

Корхона ходимларининг сўзларига кўра, ушбу кредитларнинг барчаси дастлаб Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти аъзолари учун иш ўринлари яратиш мақсадида жалб қилинган. Шунга қарамай, видеорепортаждан кўриниб турибдики, олинган кредитлар кўриш қобилияти чекланган инсонлар манфаати учун ишлатилмаяпти.

Кўришда ногиронлиги бўлган ишсизлар бир неча бор прокуратура, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ёзма шикоят билан мурожаат қилишган. Бунга жавобан юқорида тилга олинган ташкилотлар уларга ногиронлик нафақаси борлиги ва улар меҳнатга лаёқатсиз экналикларини таъкидлашмоқда. Аммо болаликдан ногиронлик нафақаси билан ойига 513 350 сўм миқдорида қандай кун кўриш мумкин?

«Уларда ахир нафақа борку, уларга ишлашнинг нима кераги бор?»

Маълум бўлишича, ногиронлиги бўлмаган Россиялик сармоядор Хайрулло Қаюмжонов 5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитни Ўзбекистон Кўзи ожизлар жамияти балансига жалб қилди ва 2019 йил май ойидан бошлаб Турк-Хитой технологиялари асосида аёллар устки кийимларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

«Ўзбекистон 24» телеканали журналист Гулчехра Мирзаеванинг ушбу янги ишлаб чиқариш корхонаси тўғрисидаги видеорепортажининамойиш этди, тўқув цехида 90 киши иш билан таъминланганлиги, шулардан 70 нафари ногиронлар эканлиги ҳақида хабар берди.

Қизиғи шундаки, янги тўқиш цехида ногиронлиги бўлмаган ишчилар 2 миллион сўмга яқин маош оладилар. Ходимлардан бирининг сўзларига кўра, цехда жами 35 нафар ишчи ишлайди. Видеоблогернинг чўтка цехидаги кўзи ожиз ишчилар жуда кам иш ҳақи олишлари ҳақидаги фикрига у қисқа жавоб берди:

«Ахир, улар давлатдан нафақа (таҳрир — ногиронлиги учун) олади ва бу уларнинг харажатларини қоплайди. Бу улар учун қўшимча иш. Улар аслида ногиронлар ва агар билсангиз назоратда турадилар. Улар барибир соғлом одамлар каби ишлай олмайдилар ва тўлиқ маош ололмайдилар».

Янги тўқув цехининг бир неча кўзи ожиз ишчилари аёллар кийимларини қадоқлаш бўлимида ишлайди ва 840 минг сўм маош олади. 14 миллиард сўмлик янги кредит, ҳақиқатда, Кўзи ожизлар жамияти томонидан газланган ичимликлар ишлаб чиқариш учун олинган. Ўша россиялик сармоядор ушбу корхонада 115 та янги иш ўрни яратилишини ваъда қилди, шундан 80% ногиронлар учун.

Инклюзив меҳнатни қандай қўллаб-қувватлаш керак?

Бундай инқирозли вазиятда давлатимиз фуқаролик жамияти вакиллари билан ижтимоий шерикчиликда қандай чоралар кўриши мумкин? Ногиронлар пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий зарбаси таъсирига энг кўп учрайдиган бир пайтда, уларни инклюзив иш билан таъминлаш ва зарур молиявий ёрдам кўрсатишда тезкор чоралар кўриш зарур.

Биринчи навбатда, ногиронларни иш билан таъминлаш соҳасидаги миллий қонунчиликни бажарилишини иш жойларининг минимал сонини захиралашни мониторинг қилиш, ногиронлар жамоат бирлашмалари билан биргаликда инклюзив иш билан таъминлашнинг имтиёзлари ва афзалликлари тўғрисида кенг ахборот кампаниясини ўтказиш орқали таъминлаш зарур.

Иккинчидан, мавжуд ижтимоий ногиронлик нафақаларини минимал турмуш даражасига тенглаштириш учун ошириш керак.

ТМЭК томонидан ногиронлик тўғрисидаги гувоҳномада камситувчи ёзув ногиронларнинг ишлаш қобилиятини ҳисобга олган ҳолда қайта кўриб чиқилиши керак.

Кўп ҳолларда ногиронлар «темир дафтар»га ва аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳларининг бошқа рўйхатларига киритилмайди, чунки улар ногиронлик бўйича нафақа олади ва маҳалла қўмиталари вакиллари ва бошқа мансабдор шахслар наздида «меҳнатга лаёқатсиз» ҳисобланадилар.

Аслида эса ногиронлар норасмий секторда ўз-ўзини иш билан таъминлаши мумкин ва уларнинг меҳнати кўпинча давлат томонидан ҳимоя қилинмайди. Шу сабабли, пандемия ва икки карантин даврида даромадлари камайган ўз-ўзини банд қилган ногиронларга моддий товон пули бериш зарур. Шунингдек, бандликка кўмаклашиш дастурлари ногиронлиги бўлган қизлар ва аёлларни қамраб гендер жиҳатларини ҳам инобатга олиш керак.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

Дилмурод Юсупов — Сассекс университети (Буюк Британия), Тараққиёт тадқиқотлари институти докторанти