Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси (ЖИЭББ) Qalampir.uz сайтига берган маълумотига кўра, сўнгги беш йил ичида 40 дан ортиқ шахс бесоқолбозлик моддаси билан жавобгарликка тортилган.

Бош бошқарма сайт таҳририятига 12 апрель куни йўллаган мактубда 2016−2020 йиллар давомида Жиноят кодексининг 120-моддаси билан жавобгарликка тортилган шахслар сони 44 нафарни ташкил этиши айтилган. Жумладан:

  • 2016 йилда 6 нафар;
  • 2017 йилда 15 нафар;
  • 2018 йилда 7 нафар;
  • 2019 йилда 7 нафар;
  • 2020 йилда 9 нафар.

«Ҳозирги кунда ЖИЭББ тизимидаги жазони ижро этиш колонияларида Жиноят кодексининг 120-моддасида назарда тутилган ушбу жиноятни содир этганликда айбланиб, судланган шахслар сони 49 тани ташкил этади», — дейилади хабарда.

Маълумотга кўра, ушбу жиноят турини содир этган шахсларга нисбатан чиқарилган суднинг ҳукми қонуний кучга кирганидан сўнг, улар ўрнатилган тартибда суд томонидан тайинланган жазони ўташ турига қараб жазони ижро этиш колонияларига юбориладилар.

«ИИВнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига асосан тизим ва тасарруфидаги жазони ижро этиш муассасаларида маҳкумлар томонидан такрорий жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш, уларнинг хулқ-атворларини психологик жиҳатдан ўрганиш, кўникиш даврида мослашишга руҳий жиҳатдан ёрдамлашиш мақсадида психологик ишларни олиб борувчи психолог хизмати ташкил этилган. Шунингдек, бу тоифадаги маҳумлар билан доимий равишда психологик ишлар индивидуал тарзда олиб борилиши йўлга қўйилган», — дейди бошқарма.

Ушбу маҳкумлар нечи йилга озодликдан маҳкум қилингани ҳақида маълумот берилмаган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда бир жинсли муносабатларнинг қонунийлаштирилишига қарши бўлган фаоллар 28 март куни ўз норозиликларини билдириш мақсадида Тошкент марказидаги Амир Темур хиёбони олдида тўпланганди. Кейинроқ Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати ЛГБТ фаолларига қарши норозилик ҳолатидан сўнг 12 киши ушланганини маълум қилди. Шу куни Блогер Миразиз Бозоров ўз уйи олдида дўппослаб кетилгани маълум қилинди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ушбу берган воқеаларга ўз муносабатларини билдирди. Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳам бу воқеага муносабат билдириб, халқаро ташкилотларни Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олишга чақирди. Алламжонов ОАВни бу мавзуни ёритмасликка чақирди.

БМТ Тошкентда содир бўлган «хавотирли воқеалар»ни холис тергов қилишга чақирди. Хорижий давлатларнинг дипломатик ваколатхоналари ҳам ушбу воқеага муносабат билдирди.