Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов «барча ОАВ, блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга» чақирди.

«Бу масаланинг ҳадеб муҳокама қилиниши одамларнинг этини ўлдиради. Ўта ёқимсиз мавзуни оддий ҳолдек қабул қила бошлаймиз, бу кетишда. Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган даражада кам қулоққа чалиниши керак. Оммавий муҳокама кимларнингдир (айниқса, руҳияти тўлиқ шаклланмаган ўсмир-ёшларнинг) беихтиёр қизиқишини оширади. Натижада, ушбу ярамас ҳолат жамият онгига киши билмас сингдирилади. Ақлни ишлатайлик, провокацияларга берилмайлик» — деб ёзади у.

Комил Алламжонов таъкидлашича, «хорижий ташкилотлар Ўзбекистон ёки бошқа ҳар қандай давлатга бирор талаб қўйишдан олдин миллатнинг менталитети, дини, маданияти, урф-одатларини инобатга олиши керак».

«Албатта, инсон ҳуқуқлари муҳим масала ва ҳар бир фуқаро юриш-туришидан қатьи назар, давлат ҳимоясида бўлади. Лекин асосий қисмини мусулмонлар ташкил этган бизнинг юртда ғайритабиий эркак ва аёлларни жамият қабул қилмайди! Муқаддас Ислом динимиз, маданиятимиз бунга йўл қўймайди», — деди у.

«Мана, Бозоров мисолини олайлик, ўйлаб-ўйламай гапиришнинг ўзи қандай оқибатларга олиб келди?!
Аслида, бизники каби давлатларда бесоқолбозликка қарши қонунлар енгиллаштирилса ҳам жамият буни қабул қилмайди ва бу қуруқ қоғозда қолиб кетаверади», — таъкидлади Комил Алламжонов.

«Чунки, жазо бекор қилиниб, бундай тоифалар бемалол кўча-кўйда ўзини кўрсата бошласа, „самосудлар“ кўпайиб кетиши мумкин. Расмий жазо белгиланмаган тақдирда ҳам, мусулмонлардан иборат жамият уларни барибир қўймайди. Ўз-ўзидан кичик бетартибликлар катта муаммоларни келтириб чиқаради. Шунинг ўзи — ҳамма саволга жавоб бўлиши керак!», — деб ҳисоблайди президентнинг собиқ матбуот котиби ва Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) собиқ раҳбари.

«Демократия сўзининг туб маъноси — халқ ҳокимияти, дегани. Модомики, халқнинг асосий қисми нимагадир қарши экан, демак, унинг хоҳиш-танловини инобатга олиш шарт, ана шу — демократия!» — деб ёзади Комил Алламжонов.

Унинг фикрига кўра, «бўлиб ўтган воқеаларнинг сабабчилари — блогерлар фаолиятига» АОКА қонуний баҳо бериши ва қонунни бузган барчага жазо қўлланилиши зарур.

«Мен ҳар қандай ноқонуний намойишлар ҳамда безориликни кескин қоралайман», — таъкидлаб ўтди Комил Алламжонов.