28 март куни тахминан соат 22:45 ларда Миробод тумани Афросиёб кўчасидаги уй олдида 3 нафар номаълум шахслар Миразиз Бозоровни уриб тан жароҳатлари етказган. Тошкент шаҳар ИИББ маълумотларига кўра, ҳужум қилганлар воқеа жойидан номаълум тарафга яширинган.

30 ёшли Миразиз Бозоров олган тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

ИИББ маълумотларига кўра, ушбу фуқарода бош мия очиқ ва ёпиқ жароҳатлари, ўнг қош соҳаси йиртилган жароҳати, кўкрак қафаси ва қорин соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши, ўнг оёқ болдир суяги очиқ синиши жароҳатлари қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Миробод тумани ИИО ФМБ Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 105-моддаси 2-қисми «и» банди («қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Миразиз Бозоровга нисбатан тан жароҳатлари етказган номаълум шахсларни аниқлаш мақсадида тергов-тезкор гуруҳи тузилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, шу куни баҳсли ва танқидий баёнотлари билан танилган Миразиз Бозоров аниме (япон анимацияси) ва K-pop (корейс поп мусиқаси) мухлисларини соат 15:00да Амир Темур майдонига йиғилишга чақирган эди.

Шу куни, Тошкент марказида ЛГБТ фаолларига қарши намойиш бўлиб ўтди. Ўнлаб эркаклар Форумлар саройи қаршисида йўлнинг ҳаракат қисмида юриб, «Аллоҳу акбар!» деб такбир айтган. ИИББ 12 кишининг қўлга олингани ҳақида хабар берган. Интернетда йигит ва қиз калтакланганлиги тўғрисидаги видеоёзувлар тарқалди.

Аввалроқ Бозоров интернетда унга нисбатан таъқиб ва «жазолаш» бўйича чақириқлар бўлганлиги, шунингдек унинг шахсий маълумотлари эълон қилингани ҳақида хабар берган эди.