Қашқадарё вилояти Китоб туманида вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, халқ таълими, молия, ИИБ, СЭО ва ЖСХ, бандлик бош бошқармалари масъулларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, 5-меҳрибонлик уйида яратилган шарт-шароитлар ўрганиш юзасидан текшириш ўтказилмоқда.

Аввалроқ болалар омбудсмани Алия Юсупова муассаса болалар учун жуда ёмон шароитлар туфайли ёпилиши кераклигини маълум қилган эди. Шундан сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси барча тарбияланувчиларни тиббий кўрикдан ўтказди, прокуратура вазиятни ўрганишни бошлади, вилоят ХТБ эса болалар уйи директори ва омбор мудирини лавозимидан четлаштирди.

20 апрель куни Китоб туман ҳокимияти матбуот хизмати 2020 йилнинг февралидаёқ халқ таълими вазири Шерзод Шерматов мазкур муассасани ёпиш таклифи билан чиққанини маълум қилди. У меҳрибонлик уйларида ота-онаси бор кам таъминланган оила фарзандларини жойлаштириш ортиб кетганлигини маълумот қилиб келтирган.

ХТВ раҳбари ижтимоий аҳволи яхшиланган оила фарзандларини қайтариш орқали Китоб туманидаги 5-сонли меҳрибонлик уйи фаолиятини тугатиб, тарбияланувчиларни Қамаши туманидаги 4-сонли меҳрибонлик уйига ўтказиш ва 4-сонли меҳрибонлик уйини Қамаши Болалар шаҳарчасига айлантириш таклифини билдирган.

«Бироқ республика ҳудудида Коронавирус инфекциясига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилганлиги боис, 5-сонли меҳрибонлик уйининг фаолиятини тугатиш билан боғлиқ ишлари охирига етказилмаган», — дейилади ҳокимият баёнотида.

Ўрганишларда муассасада 65 нафар тарбияланувчилар бўлсада, 75 нафар ходимлар фаолият кўрсатиб келаётгани, шундан 10 нафар тарбиячи вазифасига номутахассислар ишга қабул қилингани, тарбияланувчиларнинг 15 нафари чин етим ҳисобланиши, 50 нафарининг ота-онаси ёки улардан бири ҳаёт эканлиги аниқланган.

Аввалроқ «Газета.uz» нима учун болаларни меҳрибонлик уйларига жойлаштирмаслик кераклиги ҳақида ёзган эди. Статистикага кўра, болалар уйларининг аксарият тарбияланувчиларининг ота-оналари мавжуд.