Бош вазир Абдулла Арипов бошчилигида Республика коронавирусга қарши курашиш комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида апрель-май ойларидан бошлаб бир қатор чекловлар ўрнатилиши таъкидланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Йиғилишда пандемияга қарши курашиш чора-тадбирлари учун Республика бюджетидан 3 трлн сўм ажратилгани, вакцинация жараёнидан тортиб, касалланишнинг олдини олиш бўйича зарурий ишлар бажарилаётгани маълум қилинган.

Бироқ, бош вазир эпидемиологик вазият барқарорлашгач юмшатилган карантин чораларига нафақат аҳоли, балки айрим мансабдорлар ҳам амал қилмай қўлганини айтди.

«Хаттоки, 50 фоиз аҳолисини эмлаган Буюк Британия мамлакатида ҳам вафот этганларни кўмиш билан боғлиқ маросимларда қатнашадиган одамлар сони 30 та. Бизда ҳам 30 та эди, эпидемиологик барқарорликка эришиш натижасида, мутахассислар тавсияси ва таклифи билан 100 тагача олиб чиқдик. Энди мумкин экан деб, хаттоки, айрим раҳбарлар ҳам 200−300 кишилик тўй қилаяпти. Бизда бу борада маълумотлар ҳам йўқ эмас. Керак бўлса, улар лавозимидан кетади. Бир неча бор таъкидланганига қарамай, давлат идораларидаги ёпиқ залларда 2−3 соатлаб мажлислар ўтказиляпти», — деди у.

Абдулла Арипов президент йиғилишлар 45 дақиқадан ошиши керак эмаслигини таъкидлаганини эслатиб, раҳбарларга мажлисларни «тез-тез ўтказиб, ишини қилишини» айтди.

Қолаверса, бош вазир тўйлар масаласида: «Ўтган йили тўйларни тўхтатишгача борган бўлсак, керак бўлса (жорий йилда ҳам — таҳр.) қиламиз шу ишни. Халқ саломатлиги учун қилинади», — дея таъкидлади.

Шу билан бирга, ИИВ, Миллий гвардия, Санитария эпидемиология хизмати, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги уй шароитида даволанаётган беморларнинг хонадонларида карантин қоидаларига риоя этилиши устидан қатъий назорат ўрнатиши айтилди.

«Ўзбекчиликда битта одат бор, соғ бўлиб юрганда хабар олмаймиз, эсламаймиз. „Палончи“ касал бўлибди деса, дарров ҳамма бориб кўриши керак. „Қаерда экан?“ дейди. Инфекцион шифохонада бўлса киритмайди. „Уйда экан“ деса, „бориб кўриб келиш керак“, дейди. Бориб, 2 соат ўтириб, кўнгил олгандек бўлади. Кўнгил билан бирга вирусни ҳам олиб чиқиб, кейин қолганларга улашади. Минг афсус, шу ҳолат бор гап», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирмоқда «Газета.uz» мухбири.

Миллий гвардия қўмондори Рустам Жўраев, ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев (чапдан ўнгга).

Бундан ташқари, ўтган йили бирор оила карантинга олинган бўлса, уларнинг уйи олдида ИИВ ва Миллий гвардия ходимлари ҳеч кимни киритмагани, уйдан фақат озиқ-овқат учун чиқарилгани айтилди ва зарур бўлса, бу йил ҳам шу чора қўлланилиши маълум қилинди.

Таъкидлашича, «Беморлар уйида изоляция қилинади. Бўлмаса шифохонага олиб борилади». Коронавируснинг енгилроқ формаси билан касалланган ёки симтомпларсиз кечаётган беморлар уйда карантинга олиниши айтилди.

Апрель ойи бошида Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлат раҳбари вилоятлар дори воситалари, зарурий тиббий буюмларининг 3 ойлик захирасини яратиши кераклиги бўйича топшириқ берган эди.

Комиссия йиғилишида бош вазир мазкур топшириқ ижроси суст эканига эътибор қаратди.

«Бугунги маълумот бўйича фақат Тошкент шаҳри, Хоразм вилояти, қисман Самарқанд ва Қашқадарё вилояти бажарди. Ҳурматли президентимиз бир ҳафта муддат берганлар. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев дори-дармонларнинг тасдиқланган рўйхати бўйича ҳудудларда ким амалда захирани яратди, ким яратмади, шуни назоратини қилиб бериши керак. Ким қилмаган бўлса, менга рўйхатини берасизлар ҳокимини бу ёққа (пойтахтга — таҳр.) чақирамиз», — деди у.

2 апрелдаги видеоселектор йиғилишида президент Ўзбекистонда коронавирусга чалиниш ҳолатлари ортаётган бўлса-да жойларни ёпиш режада йўқлигини қайд этганди. «Биз ҳеч нарсани ёпмаймиз, лекин тартиб ва тартибни кучайтирамиз», — деган эди Шавкат Мирзиёев. Давлат раҳбарининг таъкидлашича, «кўплаб вазифалар қоғозда қолиб кетмоқда».