Ўзбекистон президенти соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, жумладан касалликларни олдини олиш ва патронаж хизмати кўрсатиш борасида мутлақо янги тизим яратиш бўйича ўтган йили ноябрдаги йиғилишда берилган топшириқлар ижроси юзасидан видеоселектор йиғилишини ўтказаяпти, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

Шавкат Мирзиёев тиббиёт жуда ҳам оғир аҳволда эканлигини таъкидлади. У соғлиқни сақлаш тизими раҳбарларининг фаолиятини танқид остига олди.

Президент ҳисобот учун сўзга чиқадиган раҳбарлар учта саволга жавоб беришлари кераклигини айтди:

Тиббий харита шакллантирилгани, аҳолининг хавф гуруҳларига бўлингани нимани кўрсатиб берди?

Маҳаллалар кесимида тиббиёт бригадалари шакллантирилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш бошландими ва бундан нечта фуқаро миннатдор бўлди?

Тиббиёт муассасаларида қайси хизмат пулли, қайси бепул бўлди?

«Пандемия даврида кўплаб маблағлар ҳисобсиз сарфлаб юборилди. Кўплаб вазифалар қоғозда қолиб кетмоқда. Афсуски, кўпчилик раҳбарлар бу вазифаларни тўлиқ тушуниб етмаяпти», — деди президент.

Президент айни шу сабаб ўтган 6 ойда Қорақалпоғистон. Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарё, Хоразм вилоятлари соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари ҳамда 37 та туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари ишдан олинганини қайд этди.

«Бугун ҳам, масалани ичига кирмаган, дунёқараши ўзгармаган, ушбу саволларга жавоб бера олмаган соҳа ва ҳудуд раҳбарлари ишдан олинади», — дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

Президент қуйидаги раҳбарларни қабул қилинган фармон ва қарорлар ижросини охирига етказиш юзасидан ҳудудларда масъул этиб белгилади:

  • Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев — Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро вилоятларига;
  • Соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев — Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрига;
  • Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Амрилло Иноятов — Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий вилоятларига;
  • Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари Баҳодир Юсупалиев — Жиззах ва Навоий вилоятларига;
  • Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Эльмира Баситханова — Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларига;
  • Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Абдулла Азизов — Жиззах, Самарқанд, Сирдарё вилоятларига.

Ҳудудларга бириктирилган раҳбарлар вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари билан бирга қуйидаги масалаларни ҳал этиши керак.

«Раҳбарлар 1 майга қадар Сирдарё вилояти ҳамда 26 та туман ва шаҳар тажрибасини республиканинг барча ҳудудларида бошлаш керак. Бунда, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббиёт бригадаларини ташкил этиб, тиббий хариталарни шакллантириш, аҳолини 4 та хавф гуруҳларига ажратиб, манзилли кўрикдан ўтказиш ва даволаш ишларини ташкил қилиш зарур», деди давлат раҳбари.

Жумладан, Сирдарё вилоятининг 236 та маҳалласини (850 минг аҳоли) тўлиқ қамраб олиш учун 421 та тиббиёт бригадаси ташкил этилиб, 1 минг 800 та ўрта тиббиёт ходими бириктирилди.

Мазкур «тиббиёт бригадаси» аҳолининг саломатлик ҳолати хатловдан ўтказилиб, улар 4 та хавф гуруҳига ажратилди ва вилоятнинг «электрон тиббий харитаси» яратилди:

  • Соғломлар;
  • Касалликлари мавжуд эмас, бироқ носоғлом ҳаёт тарзини юритишади;
  • Беморлар (касаллар);
  • Ғамхўрликка муҳтож ва имконияти чекланган инсонлар;

Сирдарё вилояти 154 минг нафар аҳоли — соғлом (19,5 фоиз), 356 минги — носоғлом турмуш тарзи юритаётганлар (45 фоиз), 257 минг — беморлар (32,5 фоиз), 25,5 минг — ўзгалар парваришига муҳтож ва ногиронлиги бўлганлар (3 фоиз).

Мисол учун, Боёвут туманида 31 минг аҳоли (43 фоиз) ўзини соғлом деб билсада, ортиқча вазн, нотўғри овқатланиш, зарарли одатлар ҳисобига юрак-қон томир, диабет, ўпка касалликларига чалинишга эҳтимоли юқори эканлиги аниқланди.

Агар, улар билан ҳозирданоқ манзилли ишланмаса, эртага улар сурункали беморларга айланади, дея таъкидлади президент.

Тошкентнинг Чилонзор туманида ташкил этилган 145 та «тиббиёт бригадаси» томонидан 51 та маҳаллада 231 минг аҳоли (туманда 258 минг аҳоли истиқомат қилади) хатловдан ўтказилганда, 20 минг нафар ортиқчи вазнли аҳоли аниқланган.

Ваҳоланки, муқаддам бор-йўғи 1 минг 200 та ортиқча вазнли фуқаро рўйхатда турган. Хатлов давомида, Чилонзорда эндокрин касалликлар олдинги 7 мингтадан 13,5 мингтага ошган.