17 апрел куни бош вазир Абдулла Арипов Республика махсус комиссиясининг кенгайтирилган йиғилишида касалланиш бўйича йил бошида кунига 15 та ҳолат аниқланган бўлса, ҳозир 300 тага чиққанини таъкидлади. Бу ҳақда «Газета.uz» муҳбири хабар берди.

Бош вазир мамлакатда карантин чораларига амал қилишнинг назорати кучайганлигини таъкидлади. Бу ҳолатлар касалланиш яна кўпйиб бораётган давлат органларида ҳам кузатилаётганлиги айтилди.

ИИВ, Миллий Гвардия, СЭС карантин чораларига амал қилишни етарлича назорат қилмаяпти. Жамоат транспортида, савдо марказларида ва бошқа жамоат жойларида ижтимоий масофани сақламаслик ва тиббий ниқоб кийиб юрмаслик ҳолати кузатиляпти.

Боғча, мактаб, коллеж, лицей ва ОТМларда, ёпиқ концерт залларида ўтказилаётган тадбирларди ҳам карантин чораларига амал қилинмаяпти, деди ҳукумат раҳбари.

Таълим муассасаларида кириш жойларида тана ҳароратини ўлчаш ва қўлни антисептик билан тозлашга эътибор берилмай қўйилди.

Тўй ва маъракада қатнашувчилар сони 100 киши бўлиши кераклиги бўйича талабга амал қилинмаяпти. Масжидларда намоз пайтида тиббий ниқоб кийиш ва ижтимоий масофага риоя қилиш кузатилмаяпти, дея таъкидлади бош вазир.

«Ҳаттоки, баъзи раҳбарлар ҳам 100 киши мумкин экан деб, тўйларни 200−300 кишилик қилиб ўтказяпти. Давлат бошқарув идораларида раҳбар лавозимларида ишлаётганларнинг ўзи шуни қиляпти. Шундай маълумотлар ҳам йўқ эмас. Керак бўлса, айнан шу деб лавозимидан кетади», — деди Абдулла Арипов президент бу ҳолат бўйича қаттиқ эътироз билдирганлигини айтиб.

«Бир неча маротаба огоҳлантириш берилганлигига қарамасдан давлат органларида, афсуски, йиғилишлар ёпиқ залларда 2−3 соатлаб давом этяпти. Аммо, 45 дақиқа йиғилиш ўтказиш бўйича чеклов бўлганди — нима кераклигини тезда айт ва бориб ишла», — таъкидлади ҳукумат раҳбари.

18 апрелдан қуйидаги чекловлар ўрнатилиши белгиланди:

  • боғча, мактаб, коллеж, лицей ва ОТМларда касалланиш ҳолати аниқланган тақдирда, улар зудлик билан 2 ҳафтага карантинга олинади;
  • карантин назорати кучайтиради, жарималар қўлланилади;
  • умумий овқатланиш муассасаларида ўринлар 50 фоизгача чекланади, бироқ 100 кишидан ошмаслиги назорат қилинади;
  • автобусларда ўриндиқлар 50 фоизгача чекланади, автобуслар сони кўпайтирилади;
  • кўчма бригадалар шакллантирилади;
  • дори-дармонлар захираси яратилади.

Йиғилишда, шунингдек, таровеҳ намозларини очиқ ҳудудларда адо этиш, ифторликларни эса имкон қадар оила даврасида ёки 100 кишидан ошмаган ҳолатда ўтказиш тавсия этилди.

1 майдан концерт ва томошалар каби оммавий тадбирларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.

Йирик савдо мажмуалари ва бозорларда, дўконларда карантин қоидаларига қатъий амал қилиниши қатъий назоратга олиниши айтилди.