1 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистондаги коронавирус билан боғлиқ эпидемиологик вазият ҳақида бир қатор баёнотлар берди, деб хабар беради «Газета.уз» мухбири.

«Жорий йил бошида жуда катта меҳнатимиз натижаси билан бор йўғи ўртача 30−40 нафар бемор аниқланаётган эди. Охирги кўрсаткичларимиз бир кунда 160−180, 200 дан ҳам ўтган кунлар бўлаяпти. Бу жуда ёмон кўрсаткич», — деди у.

«Афсуски, бу балонинг охири кўринмаяпти. Европа давлатлари яна локдаунга киряпти. Қўшниларимизда ҳам аҳвол яхши эмас. Хавф ёнимизда юрибди. Шунинг учун огоҳ бўлишимиз керак. Олдин қандай ишлаган бўлсак, шу тартибни тиклаймиз. Иқтисодиёт нуқтаи назаридан жуда катта марралар қўйганмиз. Агар ёпилиб қолсак, бу натижаларга эришолмаймиз. Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз. Касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш керак», — деди президент.

Давлат раҳбари аҳолини санитария-гигиена талабларига риоя қилишга чақирди.

Бош вазир Абдулла Ариповга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, туну кун ишлайдиган «колл-марказ"лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди. Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60 та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди.

Бош вазир карантин талабларини бузганларга нисбатан қонун доирасида чоралар кўрилишини таъкидлади.

Шунингдек, у Ўзбекистонга 100 та кислородли кўчма станциялар етказиб берилишини айтди. Оммавий эмлаш 1 апрелда бошланди ва июнь ойи охирига қадар 4 млндан зиёд хавфли гуруҳдагилар коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилмоқда.

Covishield вакцинасининг 660 минг дозаси (AstraZeneca, янги номи -Vaxzevria) ва 1 млн доза хитой-ўзбек вакцнаси ZF-UZ-VAK2001 дан ташқари, май-июнь ойларида яна 2 млн Vaxzevria дозасини (COVAX доирасида) ва апрель-июнь ойларида 3,5 млн дозали ZF-UZ-VAС2001 ни қабул қилишни режалаштирмоқда.

Бош вазир шунингдек, Ўзбекистон Россияга 1 млн дозали «Спутник V» вакцинасини сотиб олиш тўғрисида битим имзолагани ва юборганини, аммо ҳозиргача жавоб олмаганлигини маълум қилди.