12 апрель куни Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб жами 67445 нафар киши COVID-19 га қарши эмланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот хизмати хабар бермоқда. Айни кунгача мамлакатда коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар сони 216 087 нафарга етди.

Фарғона вилоятида яна рекорд қайд этилиб, бир куннинг ўзида 18 минг нафардан ортиқ фуқаро (18363 нафар) эмланди. Шунингдек, Андижон вилоятида 11 667 нафар, Наманган вилоятида 8397 нафар аҳоли эмланган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда COVID-19га қарши вакцинация жараёни 1 апрель куни бошланган эди. Биринчи босқичда 65 ёшдан катта бўлган фуқаролар ҳамда тиббиёт ходимлари эмланмоқда.