Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабеков Ўзбекистонда COVID-19`га қарши эмлаш жараёнига тайёргарлик ишлари тўғрисида маълумот берди.

Унинг сўзларига кўра, оммавий эмлаш тадбирларини ҳар томонлама тизимли ташкил этиш мақсадида 3138 та эмлаш пунктлари ва 862 та ҳаракатдаги тиббий бригадалар ташкил этилган. ️COVAX доирасида 17 та авторефрижератор, 206 та юк ташувчи минивен ва 16 та енгил автотранспорт воситалари етказиб берилди.

Қолаверса, эмлаш жараёнида қатнашадиган 4 минг нафардан ортиқ шифокорлар ва 11 минг нафардан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари тайёргарликдан ўтказилди.

Бундан ташқари, вакциналарни қўллаш юзасидан ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида тарғибот материаллари чоп этилди.

1 апрелдан оммавий равишда эмлаш тадбирларини қуйидаги тартибларда амалга ошириш таклиф этилмоқда:

  • апрель ойидан Тошкент ва Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларидаги 219 та эмлаш пунктларида бир ойда 142,3 минг эмлаш ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, биринчи навбатда 65 ёшдан катталар ва коронавирус инфекциясини юқтириб олиш хавфи юқори бўлган тиббиёт ходимларини эмлаш (пунктлар манзиллари ва телефон рақамлари);
  • май ойидан қўшимча шаҳар ва туман марказларидаги 1 037 та эмлаш пунктларида бир ойда 674 минг эмлаш ўтказилиши режалаштирилган;
  • июнь ойидан барча эмлаш пунктларида COVID-19`га қарши вакцинация ишлари амалга ошириш режалаштирилган.


«Айнан шу каби вакциналар сабабли бугун мамлакатимиз бир қатор хавфли касалликлардан ҳоли ҳудуд деб эътироф этилган. Коронавирусга қарши вакциналар ҳам пандемияни енгишда асосий омил бўлиб хизмат қилади», — деди СЭС раҳбари ўринбосари.

Нурмат Отабековнинг таъкидлашича, «коронавирусга қарши вакцина — замонавий тиббиётнинг энг юксак ютуғи, унга ишончсизлик билдирмаслик керак».