Aрманистон парламенти ҳарбий ҳолатни бекор қилди

Aрманистон парламенти 24 март куни бўлиб ўтган йиғилишда Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатлар туфайли мамлакатда 2020 йил сентябрь ойининг охирида киритилган ҳарбий ҳолатни бекор қилишга овоз берди. «Ҳарбий ҳолатни бекор қилиш учун 118 депутат овоз берди, қарор қабул қилинди», деди парламент спикери Aрарат Мирзоян. Ҳарбий ҳолатни бекор қилиш таклифи мухолифатдаги «Маърифатли Aрманистон» ва «Обод Aрманистон» фракциялари томонидан илгари сурилган. — ТАСС.


Словакия ташқи ишлар ва таълим вазирлари истеъфога чиқишди

Словакия ташқи ишлар вазири Иван Корчок ва таълим вазири Бронислав Грюлинг 24 март куни республикада ҳукумат инқирози кучайиб бораётган бир пайтда истеъфога чиқишини эълон қилишди. Aввалроқ Вазирлар Маҳкамасини иқтисодиёт вазири Рихард Сулик, адлия вазири Мария Коликова, меҳнат вазири Милан Крайняк ва соғлиқни сақлаш вазири Марек Крайчи тарк этган эди. Словакиядаги ҳукумат инқирози бош вазир ва «Оддий одамлар ва мустақил шахслар» партиясининг раиси Игор Матовичнинг мамлакат аҳолиси учун Россиянинг «Спутник V» вакцинасини Вазирлар Маҳкамасидаги шерикларининг розилигисиз сотиб олиш тўғрисида қароридан кейин кучаймоқда. Европа Иттифоқида рўйхатдан ўтмаган препаратни сотиб олиш Словакия президентининг норозилигига сабаб бўлди. — Взгляд.


Германияда Пасха таътилларидаги карантин бекор қилинди

Германия канцлери Aнгела Меркель Пасха таътилларида карантин жорий қилгани учун фуқаролардан узр сўраб, чекловларни бекор қилди. «Бу хато эди, бунинг учун мен кечирим сўрайман», деди у. — Deutsche Welle.

Бир кун аввал (23 март), Германияда умуммиллий карантин режими 18 апрелга қадар узайтирилгани ва Пасха байрамларида чекловларнинг кучайтирилиши ҳақида хабар берган эдик.


АҚШда ҳужум қуролларини сотишга тақиқ қўйилиши мумкин

AҚШнинг янги ҳукумати Колорадо штатидаги Боулдер шаҳрида юз берган фожиа муносабати билан мамлакатда ҳужум қуролларини сотиш ва сотиб олишни тақиқлашга эришади. Бу ҳақда AҚШ президенти Жо Байден 23 март куни Оқ уйда 10 кишининг ҳаётига зомин бўлган отишма ҳақида сўзлаган нутқида маълум қилди. «Мен Вакиллар Палатаси ва AҚШ Сенатидаги ҳамкасбларимни ҳаракат қилишга чақираман. Биз мамлакатда ҳужум қуролларини тақиқлашимиз мумкин», — деди мамлакат раҳбари. Унинг сўзларига кўра, АҚШда ҳужум қуролларига вақтинча тақиқ илгари ҳам киритилган (2004 йилда тугаган ва кейинчалик узайтирилмаган). «Кейин [қонун лойиҳаси] қабул қилинди, у [тақиқ] қонун сифатида ишлади ва бу қотилликлар сонини камайтирди. Биз буни яна қилишимиз керак», — дея даъват қилди Байден. — Оқ уй веб-саҳифаси.


Беларусда ҳокимиятни танқид қилганлик учун жавобгарликка тортиш бекор қилиниши мумкин

Беларусь ва унинг давлат органларини дискредитация (бадном этиш) учун жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка киритилган янги ўзгартиришларда жиноий жавобгарликка тортиш кўзда тутилмаган. «Қоидаларнинг ўзи шундай тузилганки, ҳокимиятни оддий танқид қилиш жиноий жавобгарликни келтириб чиқармайди. Гап оммавий равишда тарқатилган ёлғон маълумотлар ҳақида кетмоқда», — дея изоҳлади Бош прокуратура вакили. Шунингдек, жавобгарликка тортилиш учун бундай ҳаракатлар «Беларусь Республикаси миллий хавфсизлигига зарар етказишга қаратилган» бўлиши кераклигини таъкидлади. — ТАСС.


Биньямин Нетаньяхунинг партияси Исроилдаги сайловларда ғолиб бўлмоқда

23 март куни бўлиб ўтган парламент сайловларида Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг «Ликуд» партияси ғалаба қозонмоқда. Сайловчиларнинг 60,9 фоизи иштирок этди, бу 2020 йил 2 мартдаги сайловларга қараганда деярли 5 фоизга кам. Эслатиб ўтамиз, бу сўнгги икки йил ичида Исроилдаги тўртинчи парламент сайловлари. 23-Кнессет (Исроил парламенти) ўтган йилнинг декабрь ойида мамлакат давлат бюджети тасдиқлаш муддати тугаши сабабли автоматик равишда тарқатиб юборилган эди. — Газета.uz


Сингапурлик блоггер Facebook’да бош вазирга қарши туҳмати учун 98 минг доллар жарима тўлайди

24 март куни Сингапур суди маҳаллий блоггер Леон Зе Хянни Facebook ижтимоий тармоғида ёлғон маълумот тарқатгани учун бош вазир Ли Сянь Лунга 133 минг Сингапур доллари (98,8 минг доллар) миқдорида товон пулини тўлашни талаб қилди. Блогер 2018 йил ноябрь ойида Facebook’да мақола эълон қилган. У ерда Малайзиянинг собиқ бош вазири Наджиб Разак Ли Сянь Лун билан «махфий битим» тузгани, унда Сингапур банклари орқали 1МДБ давлат инвестиция фондининг маблағлари билан ноқонуний муомалалари тўғрисида ёзилган. Ҳукумат раҳбарининг адвокатлари 150 минг Сингапур долларини (111,4 минг доллар) ундиришни талаб қилдилар, судланувчининг вакиллари эса 1 Сингапур доллари (70 цент) миқдорида товон пулини талаб қилишди. — ТАСС.