Германия канцлери Ангела Меркель ва федерал штатларнинг маъмурлари, видеоконференцалоқа орқали бўлиб ўтган 11 соатдан ортиқ давом этган учрашувдан сўнг, мамлакатда COVID-19 тарқалаётгани сабабли жорий этилган карантинни узайтиришга келишиб олдилар, дея хабар бермоқда РБК.

Карантин 18 апрелга қадар узайтирилади. Чеклов чоралари ноозиқ-овқат дўконлари, шунингдек меҳмонхоналар, ресторанлар, спорт заллари ва дам олиш масканларининг қисман ёпилишини ўз ичига олади. Канцлер фуқаролардан мамлакат ичкарисида ҳам, ҳорижда ҳам саёҳат қилмасликка чақирди.

Бундан ташқари, Меркель 1 апрелдан 5 апрелгача Пасха таътилларига чекловлар кучайтирилишини эълон қилди (католиклар бу йил Пасхани 4 апрелда нишонлайдилар). Ушбу даврда озиқ-овқат дўконларидан ташқари барча дўконлар ёпиқ бўлади. Шу билан бирга, шахсий йиғилишлар битта хонадонда ва беш киши билан чекланиб, жамоат йиғилишлари тақиқланади.