Яқин вақт ичида Ўзбекистоннинг Фарғона вилояти ва Қирғизистоннинг Бобкен вилояти ўртасида назорати-ўтказиш пунктлари очилади. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбирига Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров ва Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиев маълум қилди.

«Президентларимиз кеча топшириқ, рухсат беришди. Тез кунларда Боткен губернатори билан дастлабки ишларни бошлаймиз. Қирғизистон президент Садир Нургожоевич ҳам ўзлари рухсат бердилар. Биринчи одамлар пиёда ўтиши учун, уч ой ичида эса — автомобилларни ўтишига ҳужжатларни биргаликда расмийлаштирамиз. Ўйлайманки, тез кунларда натижаси бўлади», — дея таъкидлади Хайрулло Бозоров.

Қирғизистон ҳукуматининг Боткен вилоятидаги мухтор вакили Омурбек Суваналиев.

Ўз навбатида Омурбек Суваналиев коронавирус пандемияси туфайли ҳудудлар орасидаги чегара ва ўтиш пунктлари ёпилганини қайд этди.

«Ҳозир биз очамиз, чунки биз бош қўмондонимиздан, президентдан буйруқни олдик. Бу энди амалга оширилади. Айни шу кунларда», — деди у.

Қирғизистон ҳукумати вакили бу ишларнинг барчаси икки давлат халқларнинг ўртасидаги дўстона муносабатларини таъминлашга қаратилганини қўшимча қилди.

«Бунга қадар кўпроқ ёпилиш ва камроқ алоқа сиёсати бўлган. Лекин ҳозир президентлар келишиб олишди: ҳам маданий, ҳам иқтисодий нуқтаи назардан кўпроқ алоқалар ўрнатилади. Ва биз яхши қўшничилик муносабатлари бўлиши учун — чегара хизматидан бошлаб, маҳаллий ҳокимиятгача буни давом эттирамиз», — деди у.

Ташриф арафасида Ўзбекистон ва Кирғизистон давлат чегарасини делимитация қилиш масалаларини уч ой ичида ҳал этиш белгиланмоқда, дея баёнот берган эди Шавкат Мирзиёев. «Одамлар [ечимини] кутаётган баъзи масалаларни биз яқин келажакда аниқ ҳал этамиз. Бюрократиясиз, фуқароларимизга қулай ва яхшироқ бўлиши учун жиддий масъулиятни ўз зиммамизга олишга қарор қилдик», — дея таъкидлаганди у.