12 март куни пойтахтда футбол бўйича Ўзбекистон Про лигаси 2021 йилги мавсум учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Ушбу маросим Про лига тарихидаги илк йирик тадбир сифатида тарихга мухрланди. Бу ҳақда «Газета.uz» мухбири хабар бермоқда.

Унда Про лига мусобақасининг 2021 йилги мавсумида иштирок этувчи жамоалар турнирни ўзаро қайси жамоаларга қарши бошлашини аниқлаб олишди. Шунингдек, мазкур тадбирда Про лига транслацияси, мусобақа элчилари, мадҳияси ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Тадбир аввалида «UzReport» АА бош директори Равшан Жўраев сўзга чиқиб, 2020 йилда Про лига ўйинларини UzReport TV ва Futbol TV телеканалларидаги транслацияси ҳақида маълумот берди, қолаверса, у кейинги йилларда ҳам ушбу ҳамкорлик давом этишини таъкидлаб ўтди.

Профессионал футбол лигаси раҳбари Диёр Имомхўжаев Равшан Жўраев билан биргаликда Про лиганинг ўтган мавсумдаги энг яхшиларини тақдирлашди.

Шундан сўнг, Про лига мусобақаси учун тарихда илк бор элчилар тайинланди. Блогер ва юморист Элмурод Ҳақназаров ҳамда «Саҳар» мусиқа гуруҳи вакили Aнвар Жўраев мазкур турнирнинг элчилари этиб белгиланди. Элчиларнинг вазифаси бир тур давомидаги ўйинларга бориб, мухлисларни футболга қизиқишини орттириш, шунингдек, ўйин атрофи жараёнларида фаол иштирок этишдан иборатлиги айтилди.

Тадбирда «Саҳар» гуруҳи Про лига мусобақасининг мадҳиясини ҳам тайёрлаш арафисида экани маълум қилинди.

Шундан сўнг тадбирнинг асосий қисми — қуръа ташлаш маросими бошланди. Қуръа жараёнида тадбиркор Фируз Aллаев ҳамда блогер Баҳтиёр Насимов иштирок этди.


Қуръага кўра, 1-турда қуйидаги жамоалар ўзаро баҳс олиб боришади:

  • «Aрал Самали» — «Шўртан»
  • "Хоразм" — «Истиқлол»
  • "Динамо" — «Янгиер»
  • "Нефтчи" — «Олимпик»
  • "Оқ-тепа" — «Бухоро»

1-тур учрашувлари аниқ бўлганидан сўнг Про лиганинг биринчи давраси тақвими ҳам намойиш этилди.


Про лиганинг 22-мартдан бошланади.