Тошкент шаҳар Яккасарой туманида 2 автомобиль тўқнашуви оқибатида 4 нафар фуқаро жабланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.

7 март куни тахминан соат 23:55 ларда Яккасарой тумани Шота Руставелли кўчасида 27 ёшли О.Б. бошқарувидаги «Cobalt» русумли автомобиль катта тезликда ҳаракатланиши натижасида бошқарувни йўқотган.

Оқибатда ёритиш тўсинига урилиб йўлнинг қарама-қарши қатнов қисмига чиқиб кетган ва 65 ёшли А.Ш. бошқарувидаги бошқа «Cobalt» автомобили билан тўқнашган.

ЙТҲ натижасида «Cobalt» автомобили йўловчилари 28 ёшли Ш. Э. ва 29 ёшли С.Ю., шунингдек «Cobalt» ҳайдовчиси ва 26 ёшли йўловчиси В.Ш. турли даражадаги тан жароҳатлари билан тиббий муассасага олиб борилган.

Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.