23 февраль куни Водил-Фарғона автомобиль йўлида фуқаро Қ.Ш. «Lасetti-2» автомашинаси бошқаруви пайтида, ўзи билан бир йўналишда ҳаракатланаётган ҳайдовчи С.И. бошқарувидаги «Matiz» билан тўқнашиб кетган. Бу ҳақда Фарғона вилояти ИИБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

«Matiz» автомашинасида учқун чиқиб ёнғин содир бўлиши оқибатида, машинада бўлган йўловчи аёл Қ.Т. ҳодиса жойида вафот этган.

«Matiz»да бўлган яна бир йўловчи аёл Ж.М. шифохонада вафот этди. Ҳайдовчилар Қ.Ш. ва С.И.лар тан жароҳати билан шифохонага ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266 моддаси 3 қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, «Lacetti-2» ҳайдовчиси Қ.Ш. процессуал тартибда ушланган.