Ғофир Орибжанович Жамолов халқ депутатлари Наманган шаҳар кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ҳоким этиб тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ғофир Жамолов (1974 йилда) Наманган шаҳрида туғилган. 1997 йилда Наманган саноат-технология институтини, 2006 йилда президент ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. У 2020 йилдан то шу кунга қадар Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари — уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бош бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритиб келган.

Бунга қадар, Жамолов турли йилларда (1997−2020) уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирининг ўринбосари, Наманган шаҳри ва Наманган вилояти ҳокимликларида бир қатор масъул лавозимларда фаолият юритган.

У мазкур лавозимда 2020 йилнинг мартидан буён ишлаб келаётган Олимжон Исаевнинг ўрнини эгаллади.

Президент Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафтада Наманган вилоятига ташрифи чоғида шаҳар ҳокими ва прокурорини «Бунёдкор» маҳалласининг ҳолати учун танқид қилган эди. «Бу сизнинг юзингиз», — деган эди давлат раҳбари, ИИБ таянч пунктининг оқланмаган деворларини кўрсатиб.


Хуршид Одилов (ўнгдан биринчи). Фото: Президент матбуот хизмати.

Вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати «Газета.uz»га тасдиқлашича, шаҳар прокурори Баҳромжон Юлдашев ҳам лавозимдан озод қилинган. Унинг ўрнини Хуршид Толибович Одилов эгаллаган. У бунга қадар Чуст тумани прокурори бўлган.

Эслатиб ўтамиз, президент «Бунёдкор» маҳалласининг ҳолатини танқид қилгач, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдуразоқов ушбу маҳаллага кўчиб келган эди. «Бугун шу ерга контейнер ўрнайди ва унга „вилоят ҳокимининг уйи“ деб ёзиб қўйилади», — деганди ҳоким. У бошқа ҳудудлардаги муаммолар ҳам шу тарзда ҳал этилишини айтганди.