19 февраль куни президент Наманган шаҳридаги «Бунёдкор» маҳалласига режалаштирилмаган тарзда ташриф буюрди.

«Бу ердаги аҳвол маҳалла номига зид. Ичимлик суви йўқ, ички йўллар ёмон, атроф ободонлаштирилмаган. Маҳалла идорасининг ўзи ҳам ҳароб, бино орқасида чиқиндилар ётибди», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Шавкат Мирзиёев аввал Наманган шаҳар Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси 1-сонли ички ишлар бўлимига қарашли 74-сонли таянч пунктига ташриф буюрди.

Президент эски, деворлари нураб ётган таянч пунктининг биносини кўриб, шаҳар сектор раҳбарларини танқид қилди.

Президент Наманган шаҳар ҳокими Олимжон Исаев ва ушбу маҳаллага масъул сектор раҳбари бўлган шаҳар прокурори Баҳромжон Йўлдошевга ҳам танбеҳ берди.

Президент прокурорга қараб: «Бу нима аҳвол? Ишчи жой, инвестиция, баландпарвоз гаплар билан ҳисобот берасизлар. Мусорни олиб ташлаб, бу ерни оқласа бўладими? Бу ерни тартибга келтиришга ваколатингиз борку. Шу ерда тўрт йил прокурор бўлиб ишладинг. Нимага қилмайсан? Майли, маҳалла раисининг дунёқарашини кейин муҳокама қиламиз. Одамлар билан қандай учрашяпсан? Жаноб прокурор, полковниксан оғайни. Икковинг ҳам ноинсофсан, сен ва ҳоким…», — деди.

Президент ҳокимга қараб: «Бу ерга кел сен ноинсоф. Нимага мен сени бу ерга олиб келдим? Буни қара, бу сенинг башаранг. Қандай виждон билан ўтирдинглар мажлисда кўзимга икковинг ҳам қараб? Қачон одамларнинг дарди билан яшайсизлар? А, Исаев (Наманган шаҳри ҳокими Олимжон Исаев — таҳр.). Ҳамма пуллар қайтарилади барибир. Ўйлама, эртага бориб бизнес билан шуғуланаман деб. Икковингни ҳам қўймайман, жиноий жавобгарликка тортаман. Бу нима хиёнат? Прокурор, тушунтир ўзинг. Сен сектор раҳбарисан… Бу сени кўринишинг (атрофга кўрсатиб — таҳр.). Бу маҳаллада 12 минг одам яшайди. Қанчадан бери шаҳар ҳокимисан? 10 ойми? Мен ҳам туман ҳокими бўлганман. Деворларни оқлаб қўйса бўлардики? Чиқиндини тозалатиб қўйса бўладими? Фарғонада эшитгансан мен юрганимни».

Прокурор: Муҳтарам президент, агар рухсат берсангиз, ҳақиқатда бу ерда 2000 та оила яшайди, 800 та уй. Биз бу ҳудудни бўлиб олдик, [ишларни] режалаштирдик. Ҳурматли президенти, Давлатобод туманининг ташкил этилиши эвазига ишаш имконияти пайдо бўлди, бунгача кўплаб маҳаллалар бор эди. Мен бу ерда 10 ойдан бери ишлаяпман. Иш ўринларини яратиш масаласини ва бошқа масалаларни ҳал қилаяпман.

Президент: Майли, бунинг ҳаммаси яхши. Мен бу гапларни кўп маротаба эшитганман. Мен «осмондан тушган» президент бўлсам, сенинг сўзларингга ишонардим. Ўзинг мана бу чиқиндига қара. Бу ердачи… Бу сенинг ҳудудингку, сенинг секторинг. Сизчи, маҳалла раиси? Сизга шундай мерос қолди. Аввал раис ўринбосари эдингиз. Бу қандай шароит? Бир йил ичида таъмирласа бўлмасмиди… Сен қандай қилиб ислоҳотчи бўласан? Мен сизларга катта-катта режалар қўйяпман. Маҳалла — ислоҳотчи. Қанақа ислоҳотчи? Менинг ишончимни оқлаб нима қиласан, халқнинг ишончини оқла. Сен менинг вакилимсанку. Сенга қараб, одамлар менга баҳо беради… Меҳмонлар келса, бу «Ўзбекистоннинг юзи шу» дейди. Мен эса сизларга ишониб, баландпарвоз гапларни гапираман. Фарғонага борганимни кўрмадингми? Дарахт экиб, деворни оқлаш мумкин эдику…Ёки ойлик бермаяптими сенга?