Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Истамов Маҳмуд Шуҳратович Бухоро вилояти прокурори этиб тайинланди. Буни «Газета.uz»га МСК матбуот хизмати тасдиқлади.

Айтишларича, у бу лавозимда Дилшод Файзиев ўрнини эгаллаган. Файзиев нима сабабдан лавозимдан олинганига аниқлик киритилмади.

Истамов 1979 йилда туғилган, олий маълумотли — Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган, мутахассислиги — ҳуқуқшунос.

2014−2019 йилларда меҳнат фаолиятини Президент администрациясидаги Олий Мажлис, сиёсий ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш хизмати Сиёсий партиялар билан ҳамкорлик қилиш шўъбаси мудири, Сиёсий-ҳуқуқий масалалар хизмати Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчилик шўъбаси мудири лавозимида олиб борган.

Маҳмуд Истамов Марказий сайлов комиссиясига 2019 йил 13 июнда ўтган бўлса, унга қадар Адлия вазирининг ўринбосари ҳамда биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.